Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Транспортда юк ташиш таннархи паст бўлса, ҳам экспорт, ҳам инвестиция кўпаяди» — Шавкат Мирзиёев

«Транспортда юк ташиш таннархи паст бўлса, ҳам экспорт, ҳам инвестиция кўпаяди» — Шавкат Мирзиёев

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 9 август куни халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш бўйича тақдимот билан танишди.

Мамлакатимизда саноат, тадбиркорлик тобора ривожланиб бормоқда. Йил бошидан буён 50 мингта янги корхона ташкил топган, экспортёрлар сони 7 минг 500 дан ошган. Экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,3 бараварга кўпайиб, 8 миллиард 200 миллион долларга етган.

Иқтисодиётда ишлаб чиқариш қанчалик муҳим бўлса, маҳсулотни етказиб бериш ҳам шунчалик аҳамиятли. Айниқса, ҳозир дунёда логистика муаммолари авжига чиққан вазиятда бу ўта долзарб ҳисобланади.

Шу боис давлатимиз томонидан экспортчи корхоналар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Бу йил юртимиз маҳсулотлари 32 та янги бозорларга кириб борди. Жаҳон савдо ташкилотига кириш бўйича ишлар ҳам жадаллашмоқда.

Дунёда юк ташиш харажатлари ошганини инобатга олиб, экспортёрларга бу харажатларни қисман қоплаш учун давлат томонидан 170 миллиард сўм компенсация берилди. Шунингдек, Европага тайёр маҳсулотлар экспорт қилувчи корхоналарга транспорт харажатлари учун субсидия миқдори 50 фоиздан 70 фоизга оширилди.

Мамлакатимиз маҳсулотлари хорижга, асосан, 9 та транспорт йўлаги орқали ташилади. Тақдимотда ҳар бир транспорт йўлаги бўйича долзарб масалалар ва уларни ҳал этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

«Транспорт соҳасини ривожлантириш иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш учун муҳим замин. Транспортда юк ташиш таннархи паст бўлса, ҳам экспорт, ҳам инвестиция кўпаяди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Транспорт вазирлигига тадбиркорлар учун энг мақбул йўлларни таклиф этиш ва уларнинг транспорт харажатларини қисқартириш вазифаси қўйилди.

Европага экспорт юкларини ташиш учун қўшимча рухсатлар олиш муҳимлиги таъкидланди. Автомобилда юк ташиш учун Покистон ва Туркманистон билан қўшма транспорт компаниялари ташкил этиш таклифи билдирилди.

«Қўнғирот–Бейнов» халқаро автомобил йўли реконструкциясини жадаллаштириш, юк вагони ишлаб чиқариш қувватларини тўлиқ ишга солиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг