Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тожикистон нега Ўзбекистонга тракторларни қайтармоқда?

Тожикистон нега Ўзбекистонга тракторларни қайтармоқда?

Фото: «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ тизимидаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш, эксплуатация, таъмирлаш сифатини тубдан такомиллаштириш йўналишлари бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида ташриф буюришди.

Фото: «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ матбуот хизмати

«Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, дастлаб депутатлар холдинг ҳудудидаги махсус кўргазмали майдонда жойлашган қишлоқ хўжалиги техникалари, агрегатлар ҳамда «Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» АЖ томонидан ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникалари, қолаверса, «Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» АЖ даги ишлаб чиқариш фаолияти билан яқиндан танишишди.

Депутатлар ташрифи вақтида бир қатор муаммоли масалалар ҳам кўтарилган. Сўнгги вақтларда айрим фермерларнинг Ўзбекистонда чиқарилаётган тракторлардан нолиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунга сабаб нима? Техника носозми ёки бошқа омиллар ҳам борми? Корхона вакиллари бу масаланинг сабабини дизель ёқилғисига боғлашди. Тракторларнинг яхши ишлаши учун ёқилғи сифатли бўлиши лозим. Дизель ёқилғиси заводдан сифатли чиқади, аммо унинг бир неча қўлдан ўтиб фермерга етиб боргунича сифати бузилиши (кўпайтириб сотиш учун қўшимчалар қўшилиши) кузатилмоқда экан. Ёмон ёқилғига эса тракторлар яхши юрмайди, бузилиш ҳолатлари учрайди. Бу эса фермерларда норозилик кайфиятини уйғотади. Корхона ходимлари депутатлардан шу масалани ўрганиш ва назорат қилишни сўрашган.

Фото: «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ матбуот хизмати

Яна бир масала: интернет нашрларида Тожикистон Ўзбекистонга трактор экспорт қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ бу хабарларни инкор этди. Гап шундаки, Тожикистоннинг «Madad-Agro» лизинг компанияси «Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи»дан 355.0 минг АҚШ доллари миқдоридаги қарзини тўлай олмай, қарзни қоплаш мақсадида ўзларида чиқарилаётган «Беларусь» тракторларини бераётганини завод маъмурияти расман маълум қилди.

Маълумот учун, 2018 йилда «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ тизимидаги корхоналар томонидан жами 11570 дона қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқилган. 2018 йилда умумий қиймати 10,64 млн. АҚШ долларига тенг қишлоқ хўжалиги техникалари қўшни мамлакатларга экспорт қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг