Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Абдураҳмонов: «Тожмаҳал Ҳиндистонга йилига 500 миллион доллар келтиради»

Шуҳрат Абдураҳмонов: «Тожмаҳал Ҳиндистонга йилига 500 миллион доллар келтиради»

Фото: Беҳзод Абдужабборов

Андижон вилоятида бўлиб ўтаётган «Очиқ Андижон» инвестиция форуми доирасида вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ҳоким форум ҳақида маълумотлар берди ва журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

— Ушбу форум Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилди. Ҳиндистонга қилган ташрифимиз давомида шундай ғоя пайдо бўлган эди.

Фото: Беҳзод Абдужабборов

Менга берилган маълумотларга кўра форум доирасида шу вақтга қадар 250 миллион АҚШ долларилик шартнома имзоланди. Шунингдек, 40 миллион долларлик экспорт шартномаси ҳам имзоланган.

Аммо ҳозир биз ҳамма жойни гуллатиб қўйдик, деб мақтана олмаймиз. Имкон қадар кўплаб муаммоларни ҳал қилдик, аммо олдинда бизни кутиб тургани ҳам етарли. Инвестиция борасида таъмагирлик ҳолатлари ҳозир ҳам учраб турибди. Биз бунга қарши курашмоқдамиз.

Фото: Беҳзод Абдужабборов

— Вилоятда муаммоли туманлар бор. Нима учун мана шундай инвестициялар ўша туманларга йўналтирилмаяпти?
— Инвесторга энг аввало нима керак? Свет, газ, сув ва йўл. Афсуски вилоятдаги ҳар бир туманда ҳам инфратузилма яхши шаклланмаган. Вилоятда муаммолар ҳали етарли ва мана шундай форумлар ҳам муаммоларни ҳал қилиш учун ташкил этилган. Форум натижасида вилоятда 5 минг киши иш билан таъминланиши кутиляпти. Биз бутун вилоятни ривожлантириш учун иш олиб бормоқдамиз ва муаммоли туманларга ҳам инвестиция кириб боради. Шу муносабат билан журналистлар ва блогерлардан ушбу форумни тарғиб қилишларини сўрайман. Ҳозир матбуотнинг ўрни жуда ўсиб кетди. ОАВ ҳақида тўртинчи ҳокимият, деган гап бор.

Фото: Беҳзод Абдужабборов

— Нима учун Ҳиндистон билан ҳамкорлик қилиш учун айнан Андижон вилояти танланди? Бунда қандайдир ғоявий жиҳат борми?
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев бежизга Ҳиндистон билан ҳамкорлик қилиш учун Андижонни танламади. Яхши биламиз, бизнинг халқларимиз ўзаро тарихий қадриятларга эга. Бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур Андижондан бориб, Ҳиндистонда ўз давлатини тузган ва 300 йил бошқарган. Унинг авлодлари қурган «Тожмаҳал»ни кўриш учун ҳар йили Ҳиндистонга 20 миллион турист келади ва 25 доллардан тўлаб, томоша қилиш учун киради. Боболаримиз қурган «Тожмаҳал» Ҳиндистонга ҳар йили 500 миллион доллар пул олиб келади. Бизнинг бобомиз Бобур Ҳиндистонни Ҳиндистон қилган!

Фото: Беҳзод Абдужабборов

— Инвесторлар вилоятга келаётган яхши, аммо уларнинг ҳуқуқларини ким ҳимоя қилади? Бунинг учун вилоят ҳокими сифатида нималар қиляпсиз?
— Бу жуда тўғри савол. Илгари ҳокимларга фақат қишлоқ хўжалиги ишларини бошқарадиган одам сифатида қаралар эди. Ҳозир вазият тубдан ўзгарган. Кластерлар тизими йўлга қўйилгани учун қишлоқ хўжалиги ишлари бир тизимга йўналтирилди. Қачон илгари Андижон вилояти 29 кунда пахта режасини 102 фоизга бажарган эди? Мен ҳозир ҳоким сифатида бевосита инвесторлар билан ишлаш имкониятига эга бўлганман. Бир гапни айтаман, вилоятга бирорта инвестор мен билан суҳбатлашмай кирмайди. Мен уларнинг ҳар бирини шахсан қабул қиламан ва барча қулайликларни яратиш учун қўлимдан келган ишларни амага ошираман. Инвестор агар 50 минг доллар инвестиция киритса ҳам, унга барча шароитни яратамиз. Мен вилоят ҳокими сифатида ҳар бир инвесторга кафил бўламан!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг