Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев нархлар кескин ошиб кетишига эътибор қаратди

Шавкат Мирзиёев нархлар кескин ошиб кетишига эътибор қаратди

14 август куни ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев нархларнинг кескин ошиб кетишининг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Дастлабки 6 ойда инфляция 5,6 фоизни ташкил қилиб, прогноз кўрсаткичларидан ошмаган. Лекин тарифлар ва нархлар босқичма-босқич бозор механизмларига ўтаётгани боис мутасаддиларга инфляция ўсишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш топширилган.

Август ойи бошида ўтказилган йиғилишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш масаласи атрофлича муҳокама қилиниб, бу борада янги тизим жорий этиш белгиланган эди. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, унга Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси, тижорат банклари ва суғурта компаниялари бириктирилганди.

Йиғилишда давлат раҳбари ушбу янги тизимни жойларда жорий этиш орқали кенг аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг бандлиги ва даромадини ошириш зарурлигини айтган.

– Охирги бир йилда ялпи ички маҳсулот таркибида саноат улуши 26 фоиздан 30 фоизга етган бўлса-да, бу биз бошлаган ислоҳотлар кўламига нисбатан ҳали етарли эмас, – деган Шавкат Мирзиёев.

Жорий йил охирига қадар Навоий кон-металлургия комбинатида 25 та, “Ўзэлтехсаноат”да 18 та, “Ўзавтосаноат”да 7 та, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 5 та инвестиция лойиҳаси бўйича янги қувватлар ишга туширилишини жадаллаштириш бўйича тавсиялар берилган.

Жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 5,8 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,9 фоиз ўсган. Маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 2,6 триллион сўмдан зиёд ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ қолдирилган. Бюджет даромадлари қарийб 51 триллион сўмни ёки прогнозга нисбатан 109 фоизни ташкил этган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг