Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қўшилган қиймат солиғи бўйича кўп учрайдиган саволларга жавоблар

Қўшилган қиймат солиғи бўйича кўп учрайдиган саволларга жавоблар

Фото: «Xabar.uz»

Давлат солиқ қўмитаси қўшилган қиймат солиғи бўйича кўп учрайдиган саволларга жавоб берди.

— Корхона 2018 йилда 1 млрд сўмдан ортиқ оборот қилган ва қўшилган қиймат солиғига ўтиш юзасидан хабарнома олган, лекин ушбу корхона 2019 йилда 1 млрд сўмдан кам оборот қилса кейинчалик солиқларни қайси тартибда тўланади?

— Ушбу корхона 2019 йил давомида умумбелгиланган тартибда солиқ тўлаши лозим бўлади ва агарда 2019 йилда корхона 1 млрд.сўмдан кам оборот қилса унинг солиқ солиш режими 2020 йилда қайта кўриб чиқилади.

— Корхонанинг шахсий кабинетига умумбелгиланган тартибда солиқларни шу жумладан қўшилган қиймат солиғи тўлашга ўтиш учун келиб тушган хабарнома ҳақида маълумот беринг. 

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПФ-5468-сонли фармонига асосан 2019 йил 1 январдан бошлаб ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналарни умумбелгиланган солиқларни тўлашга жумладан, ҚҚС тўлашга ўтказиш белгиланганлигидан келиб чиқиб, ушбу хабарнома солиқ мажбуриятларини бажарилиши юзасидан манзилли маслаҳат хизматларини кўрсатиш мақсадида юборилган.

— Корхонанинг шахсий кабинетига умумбелгиланган тартибда солиқларни тўлашга ўтиш юзасидан юборилган хабарнома қабул қилинганидан сўнг қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш учун ариза қандай тартибда жўнатилади?

— Хабарномада ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш учун ариза шаклига ҳавола қўйилган бўлиб, ушбу ҳавола орқали ариза шакли ўтилади ва расмийлаштириб юборилади. Ариза асосида автоматик тарзда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилади ва белгиланган шаклдаги гувоҳнома шахсий кабинетга қайта юборилади.

Шунингдек, ҚҚС тўловчиси сифатида давлат солиқ инспекцияларида ташкил этилган «Маслаҳат хизматларини кўрсатиш» дарчалари орқали ҳам рўйхатдан ўтиш мумкин.

 Корхона бир нечта фаолият турлари билан шуғулланса ва ҳар бир фаолият тури бўйича ялпи тушуми 1 млрд сўмдан кам миқдорни ташкил қилса шахсий кабинетига хабарнома келадими?

— Корхонанинг йиллик айланмаси барча фаолият турлари бўйича умумий аниқланади. Агарда корхонанинг умумий йиллик айланмаси белгиланган миқдорга етса яъни, 1 млрд сўмдан ошганда корхона умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиши лозим бўлади, бунда корхонанинг шахсий кабинетига хабарнома келганлиги ёки келмаганлиги аҳамиятга эга эмас.

— Ишлаб чиқариш ҳамда автомобилларга газ (метан) тўлдириш фаолияти билан шуғулланувчи корхонанинг обороти (тушуми) 1 млрд сўмдан ошса 2019 йил 1 январдан умумбелгиланган тартибда солиқларни тўлашга ўтадими?

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПФ-5468-сонли фармонига асосан 2019 йил 1 январдан бошлаб ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) 1 млрд сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган барча корхоналарни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказиш белгиланган.

— Корхонанинг йиллик обороти (тушуми) 1 млрд сўмдан ошганда 2019 йил 1 январдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтса ҚҚС тўламайдиган фирма билан шартнома тузган ҳолда тегишли ишларни амалга оширса 2 баравар ҚҚС тўланадими?

— Қўшилган қиймат солиғи икки баравар тўланмайди фақатгина корхонада ҳисобга олинадиган ҚҚС мавжуд бўлмайди.

— 2019 йилдан йиллик айланмаси 1 млрд сўмдан ошган ягона ер солиғи тўловчилари бўлган фермер хўжаликлари ҳам ҚҚС тўлашга ўтадими?

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПФ-5468-сонли фармонига асосан ягона ер солиғи тўловчилари учун учун амалдаги солиққа тортиш тартиби сақланиб қолинади.

— Автомобильларга ёнилғи қуйиш шохобчаси фаолияти билан шуғулланадиган корхона йиллик ялпи тушуми 1 млрд сўмдан ошганда реализация қилинган ёнилғи учун ҚҚС қандай ҳисобланади?

— Солиқ кодексининг 204-моддасига асосан баҳолари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солиниши назарда тутилган товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганда, солиқ солинадиган база белгиланган баҳолардан (тарифлардан) келиб чиққан ҳолда аниқланади.

— Корхонанинг 2018 йил якуни билан йиллик обороти 1 млрд сўмдан ошган. Ушбу корхона 2019 йил 1 январдан омбордаги мавжуд қолдиқ товарлар реализация қилинганда ҚҚС ҳисобланадими ёки йўқми?

— Корхона 2019 йил 1 январдан умумбелгиланган тартибдаги солиқларни тўлашга ўтса, 2018 йил якуни билан унинг омборида қолган товарлари ҳам ҚҚС билан сотилади.

— 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб корхона томонидан божхона имтиёзларини қўллаган ҳолда импорт қилинган товарлар ички бозорга реализация қилинганда қандай тартибда ҚҚС ҳисобланади?

— Агарда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ушбу товарларни ички бозорда реализация қилиниши учун ҚҚСдан имтиёзлар назарда тутилмаган бўлса белгиланган тартибда ҚҚС тортилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг