Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги бўйича янги халқаро кенгашга қўшилмоқчи

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги бўйича янги халқаро кенгашга қўшилмоқчи

Фото:«Agro.uz»

1 июль куни Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Халқаро зайтун кенгаши (ХЗК)нинг видеоконференция шаклидаги 111-сессия ишида кузатувчи мақомида иштирок этди.

ХЗК 1959 йили ташкил этилган. Штаб-квартираси Испания пойтахти Мадрид шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда 44 мамлакат мазкур ташкилотга аъзо бўлиб, ушбу мамлакатлар зайтун ишлаб чиқарувчиларнинг 98 фоизини ҳамда зайтун ва зайтун мойи савдоси бозорининг 80 фоизини қамраб олади. Ҳозирги пайтда Евроиттифоқнинг барча мамлакатлари, шунингдек, Албания, Жазоир, Аргентина, Буюк Британия, Миср, Грузия, Исроил, Иордания, Эрон, Ливан, Ливия, Марокаш, Фаластин давлати, Тунис, Туркия, Уругвай ва Черногория ташкилотнинг аъзолари ҳисобланади.

Ташкилотнинг асосий вазифаси ташкилотга аъзо давлатларга зайтун саноатини ривожлантиришда кенг молиявий ва техник ёрдам кўрсатишдир.

Фото:«Agro.uz»

Жамшид Ходжаев ўз нутқида Ўзбекистонда зайтун саноатини ривожлантириш учун истиқбол мавжудлигини ва ўзбек фермерларининг ушбу экинни етиштиришга қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлади.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон мамлакат учун янги саноатни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида Халқаро Зайтун кенгашига тўла ҳуқуқли аъзолик масаласини кўриб чиқмоқда.

Йиғилиш давомида ХЗК мамлакатлари, хусусан, Грузия, Туркия, Исроил, Миср, Ливан, Аргентина, Уругвай ва ЕИ мамлакатлари Ўзбекистоннинг ушбу ташкилот ишидаги ташаббуси ва қизиқишини самимий қўллаб-қувватладилар ҳамда амалий ёрдам беришга ва зайтунчиликни ривожлантиришда тажриба алмашишга тайёрликларини билдирдилар.

Кенгашнинг навбатдаги йиғилиши шу йилнинг ноябрь ойида Иорданияда ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг