Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президентнинг бир соати. Мирзиёев кеча нималарни кўрди?

Президентнинг бир соати. Мирзиёев кеча нималарни кўрди?

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев кеча Бухорога ташриф буюрди ва Олот туманида кучли шамол келтирган талофатни бартараф этиш ишларини кўздан кечирди.

2020 йил 27 апрель куни Бухоро вилоятига жанубдан кучли шамол кириб келган ва уй-жойлар, инфратузилма ҳамда экинга катта зарар етказганди. Давлат раҳбари мана шу келтирилган зарарни бартараф этиш ишларига эътибор қаратди.

Шундан сўнг давлат раҳбари вилоятда амалга оширилаётган ишлар ва янги лойиҳалар билан танишувни давом эттирди. Xabar.uz мухбири ушбу ташрифни ёритишда иштирок этмоқда.

***

Бухородан чиқиб, Ромитан сари юраркансиз, йўлнинг ўнг юзидаги иссиқхоналар мажмуасига кўзингиз тушади. Бир вақтлар, унга ҳам кўп вақт бўлмади, икки-уч йил олдин бу жой қамиш босиб етган шўрхок ер эди. Энди эса бутун Ўзбекистонга ўрнак бўлишга арзигулик иссиқхона ишлаб турибди.

Нимаси билан ўрнак бўлади? Бу қанақа иссиқхона ўзи? Президентга шу масалада ахборот берилди.

***

«Varnet» компанияси Ўзбекистонга кириб келганига икки йилдан ошди. Туркиялик инвесторлар фойдаланилмаётган ерларда иссиқхоналар ташкил этиш билан шуғулланмоқда. Шавкат Мирзиёевни «Varnet» раҳбари Илёс Хуршид кутиб олди ва иссиқхона иш тизими билан таништирди.

— Бизнинг компаниямиз у қадар катта эмас, аммо Ўзбекистондаги истиқболга ишонган ҳолда 20 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритдик. Иссиқхона ишга тушган, помидор етиштириб, Россияга экспорт қилмоқдамиз. Помидорнинг мана бу навига қизиқиш жуда катта, ичи қип-қизил, жуда мазали, — дейди туркиялик инвестор кўргазмада турган помидорлардан бирини кўрсатиб.

— Ҳиди ҳам жуда яхши, — маъқуллади президент помидорни қўлига олиб кўраркан.

Фото: Президент матбуот хизмати

— Ҳа, ҳиди ҳам жуда яхши. Тўғрисини айтсам, жаноб президент, хорижлик ҳамкорларимиз мана шу помидорни Ўзбекистонда етиштираётганимизга ишона олмаяпти. Мен уларга телеграм орқали суратини юборяпман, аммо харидорлар хайрон қолиб, иссиқхона жойини сўрашгани-сўрашган. Яъни, айтмоқчиманки, Ўзбекистондаги истиқбол жуда катта. Биз бу бизнесни кенгайтириб, маҳаллий ҳамкорларни ўқитмоқчимиз. Бунинг учун махсус ўқув-курслари очамиз. Жой ҳам тайёр, ўқитадиган мутахассислар ҳам етарли. Хориждаги олимлар интернет орқали ходимларимизни онлайн ўқитишади. Бошқалардан ажралиб турадиган жиҳатимиз ҳам шунда бўлади — биз иссиқхона бизнесини илм асосига қурмоқчимиз...

— Айнан шу нарса ҳозир бизга етишмаяпти, — Шавкат Мирзиёев инвесторнинг ташаббусини қўллаб-қувватлади. — Охирги йилларда жуда кўп ишларни амалга оширдик, аммо ростини айтиш керак, билим етишмаяпти. Шароит бор, хоҳиш бор, бироқ билим етарли эмас. Шунинг учун ҳам бошлаган ишингиз менга ёқди, бу тажрибани оммалаштириш керак.

Илёс Хуршид тақдимотни давом эттираркан, ўқув маркази ҳақида батафсил маълумот берди. Бу ерда шунингдек яна лаборатория ва иссиқхоналар учун конструкциялар ишлаб чиқарувчи корхона ҳам қурилади. Яъни, маҳаллий мутахассислар шу ернинг ўзида таълим олади ва уни амалиётга жорий этиш билан шуғулланади.

— Бизнинг асосий мақсадимиз — бозорни кенгайтириш. Ҳозир асосий экспорт фақат Россияга йўналтирилмоқда. Аммо бу томонда бошқа йўналишлар ҳам бор, масалан, араб мамлакатлари бозори. Яқин келажакда иш кўламини бир неча баробар ошириб, янги бозорларга киришни режалаштирганмиз. Жаноб президент, ишонинг, бунинг учун имкониятлар етарли, — деди туркиялик инвестор.

Президент туркиялик инвесторнинг гапларини диққат билан эшитди ва «Varnet» фаолиятини оммалаштиришга чақирди.

— Икки йил олдин бу ерлар қуп-қуруқ жой эди, энди бўлса катта лойиҳа иш бошлади. Биласизми бунинг ютуғи нимада? Биринчидан, иссиқхона қурилиш материаллари юз фоиз ўзимизда, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланади. Иккинчидан эса, ўқув-маркази одамларнинг ишга бўлган муносабатини ўзгартиради. Яъни, биз бозор талабига кўра ишлашни ўрганамиз. Яна бир ютуқли томони — инвестор иссиқхона қуриб беришдан тортиб, одамларимизни ўқитиш ва тайёр маҳсулотни сотиб беришни ҳам зиммасига олган.

Фото: Xabar.uz

PS: Иссиқхона фаолияти билан танишарканмиз, эътиборимизни тортган яна бир нарса — мана шу асалари қутиси бўлди. Бундай қутилар ҳар жойга қўйиб ташланган. Хориждан махсус келтирилган ариларнинг вазифаси эса, асал бериш эмас, йўқ, шунчаки, помидор гулини чанглатиш холос. Йиққан асалининг ҳузурини ўзлари кўришади.

Шунақасини бошқа жойда ҳам кўрганмисиз? Оддий иссиқхонага шунча илм кераклигиничи...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг