Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент янги қарорни имзолади: бюджет харажатлари қисқартирилади

Президент янги қарорни имзолади: бюджет харажатлари қисқартирилади

Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори қабул қилинди.

Қайд этилишича, коронавирус инфекциясининг қисқа муддат ичида глобал миқёсда тарқалиши деярли барча мамлакатлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатнинг ёмонлашувига олиб келмоқда.

Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди ва бошқа халқаро институтлар 2020 йилда жаҳон иқтисодиётининг пасайишини прогноз қилмоқда, карантин муддатларининг чўзилиши туфайли ушбу прогнозлар глобал ишлаб чиқариш ҳажмларининг янада пасайиши тарафига ўзгармоқда.

Карантин даври Ўзбекистонда асосан жорий йилнинг II чорагига тўғри келиши ва шу даврда иқтисодий фаолликнинг сезиларли пасайиши Давлат бюджети барқарорлигига хавф туғдирмоқда. Шунинг учун касаллик тарқалишини максимал даражада локализация қилиш ва карантин муддатлари чўзилиб кетишининг имкон қадар олдини олиш муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эгадир.

Қарор билан коронавирус пандемияси ва глобал инқироз даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва бюджет харажатларини мақбуллаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланди:

  • коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш;
  • муҳим ижтимоий харажатларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш;
  • жаҳондаги ва республикадаги ижтимоий-иқтисодий фаоллик аҳволи таҳлили ва муҳимлик даражасидан келиб чиққан ҳолда долзарб ҳисобланмаган лойиҳа ва харажатларни кейинги даврларга кўчириш;
  • давлат дастурларини бажаришга йўналтириладиган бюджет маблағларини қисқартиришда лойиҳаларнинг устуворлиги ва ижтимоий йўналтирилганлигини инобатга олиш;
  • давлат ички ва ташқи мажбуриятларининг, шу жумладан, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича мажбуриятларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш;
  • бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг харажатларни мустақил камайтириш бўйича масъулиятини ошириш.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишли даражадаги бюджет тушумларини, шунингдек, республика бюджетидан ажратилаётган трансфертларни, акциз солиғи бўйича ўтказмаларни, бюджет ссудаларини ҳамда бошқа маблағларни биринчи навбатда қуйидагиларни молиялаштиришга йўналтиради:

  • коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларга, жумладан, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари сотиб олиш, тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва уларни жиҳозлашга;
  • иш ҳақи, пенсиялар, стипендия ва нафақаларни ўз вақтида тўлашга;
  • озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш, коммунал тўловлар ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган харажатларни қоплашга;
  • Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг қарорига асосан бошқа тадбирлар ва харажатларга.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги кечиктириб бўлмайдиган харажатларни ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига бюджет ссудаларини мунтазам равишда ажратиб бориш топширилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг