Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент ташаббуси билан қурилган мажмуа рекорд вақт ичида маҳсулот беришни бошлади

Президент ташаббуси билан қурилган мажмуа рекорд вақт ичида маҳсулот беришни бошлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан 2016 йил сентябрь ойида «Навоийазот» акциядорлик жамиятида қурилиши бошланган «Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш» мажмуасида барча ишлар якунланиб, 2020 йил 23 декабрь куни илк карбамид маҳсулоти олинди.

Лойиҳа қиймати 985,7 млн. долларга тенг бўлиб, Япония банклари ва молиявий институтлари кредитлари орқали 577 млн. доллар сармоя киритилди. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредити томонидан 320,0 миллион доллар сарфланган бўлса, корхонанинг ўз маблағлари 88,7 млн. долларни ташкил этди.

Мажмуа Япониянинг «Mitsubishi Heavy Industries Ltd» ва «Mitsubishi Corporation» компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда амалга оширилди. Ишлаб чиқариш технологиялари дунёнинг энг етакчи компаниялари, ҳусусан, аммиак ишлаб чиқариш бўйича Даниянинг «Haldor Topsoe», карбамид ишлаб чиқариш бўйича Италиянинг «Saipem» компанияси ҳамда карбамид грануляцияси бўйича эса Германиянинг «Uhde» компаниялари томонидан етказиб берилди. Асосий технологик ускуналар Япония ва Европадан келтирилди.

Лойиҳани ишга тушириш ва созлаш ишлари жорий йилнинг октябр ойида бошланганига қарамай, 53 кунда тайёр маҳсулот олишга эришилди. Бу «Mitsubishi Heavy Industries Ltd» ва «Mitsubishi Corporation» компаниялари тарихидаги рекорд кўрсаткич бўлганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш комплекснинг технологик босқичларида қўлланилган ноёб инновацион ва замонавий технологиялар экологик ва энергетик самарадорлигига кўра дунёдаги энг сўнгги технологиялари ҳисобланади.

Мажмуада 660 минг тонна аммиак ва 577,5 минг тонна карбамид ишлаб чиқарилади. Аммиакнинг 330 минг тоннаси янги карбамид ишлаб чиқаришга ва 330 минг тоннаси мавжуд аммиакли селитра ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Лойиҳа тўлиқ қўвватга чиққанда 1 триллион 428 млрд. сўмлик товар маҳсулот ишлаб чиқарилади ва кимё тармоғини 9,5 фоизга ўсишга олиб келади. Йилига бюджетга 600 млрд. сўм миқдоридаги тушумларини таьминлайди ҳамда 58,0 млн. долларлик қўшимча маҳсулот экспорт қилинади.

Лойиҳани амалга ошириш натижасида 1964 йилда қурилган, маънавий жиҳатдан эскирган, энергияси сарфи юқори бўлган «Навоийазот» АЖ биринчи ва иккинчи аммиак ишлаб чиқариш цехлари фойдаланишдан чиқарилади.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг карбамидга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланади. Хусусан, ғалла ва пахта хосилини агротехник муддатларида гектарга қўшимча 100-150 килограммгача ўз вақтида карбамид минерал ўғити билан озиқлантириш имконини беради. Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари, Афғонистон, Туркия, Украина ва Грузияга маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг