Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент қарори: Қурилиш материаллари саноати ривожлантирилади

Президент қарори: Қурилиш материаллари саноати ривожлантирилади

Фото: «Xabar.uz»

Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • 2019-2025 йилларда маҳаллий хомашё геология-қидирув ишларини олиб бориш, қазиб олиш ва қайта ишлаш асосида қурилиш индустриясининг хомашё базасини кенгайтириш прогноз кўрсаткичлари;
  • 2019-2025 йилларда диверсификация қилиш ва маҳсулот турларини кенгайтириш ҳисобига қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг мақсадли кўрсаткичлари.

Мазкур кўрсаткичлар доирасида оҳактош ишлаб чиқариш 13,1 млн тоннага, гипс тоши 1,8 млн тоннага, тош-шағал эса 5,6 млн метр кубга етказилади.

Шунингдек, обой ишлаб чиқариш 47 баробарга, арматура ишлаб чиқариш 3 баробарга ва цемент ишлаб чиқариш 2 баробарга оширилади.

2019 йил 1 июлдан:

  • маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт маҳсулотини сертификатлаштириш харажатлари Экспортни ривожлантириш агентлиги томонидан қопланади;
  • тадбиркорларнинг солиққа тортиш базаси беш йилда тенг улушларда норуда фойдали қазилма бойликлари конларини ўзлаштириш учун зарур бўладиган муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмасини қуриш харажатлари миқдорига миқдорга камайтирилади;
  • техноген минерал ҳосилалар ҳақидаги маълумотлар тадбиркорларга бепул берилади.

Қурилиш материаллари соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 2019-2021 йилларда халқаро молиявий институтлар ва хорижий банкларнинг 500 млн долларидан кам бўлмаган имтиёзли кредитлари жалб қилинади.

2019/2020 ўқув йилидан Бухоро муҳандислик-технология институти, Жиззах политехника институти ва Фарғона политехника институтида қуйидаги йўналишлар очилади:

  • «Қурилиш материаллари, буюмлари ва қурилмаларини ишлаб чиқариш технологиялари»;
  • «Йиғма темирбетон, бетон қурилмалар ва буюмларни ишлаб чиқариш»;
  • «Материалшунослик ва янги турдаги қурилиш материаллари технологияси (турлари бўйича)»;
  • «Деворбоп ва пардозбоп қурилиш материаллари технологияси».
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг