Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзимизнинг авто»нинг 70 фоизи ўзимиздан чиқади

«Ўзимизнинг авто»нинг 70 фоизи ўзимиздан чиқади

Фото: UzAuto

«UzAuto» ҳар ҳафта ва ҳатто ҳар куни бирор янгилик билан чиқишига кўникиб қолдик. Гоҳ чегирмалар эълон қилинса, гоҳида ўқитувчиларга имтиёзли автомобил таклиф қилиняпти. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Афтидан асосий янгиликлар ҳали олдинда бўладиган кўринади.

Бугун «Ўзавтосаноат» АЖ пойтахтдаги Турин политехника университетида йирик халқаро форум ташкил этди. Бразилия, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ, Франция ва Жанубий Кореяда автомобилсозлик ривожланганини биласиз. Форумда шу ва яна бир қатор мамлакатлардан келган 50 дан ортиқ етакчи компаниялар иштирок этмоқда. Мақсад эса улкан — автомобил саноатида бутловчи қисмларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни такомиллаштириш ва хорижий инвестицияни юртимизга жалб этиш.

Албатта хорижий инвесторни олиб келиш, пул тикишга кўндириш осон иш эмас. «Ўзавтосаноат» томонидан ташкил этилган тадбирда имкон қадар сармоядорларни жалб этиш учун барча ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон ва бизнес истиқболлари ҳақидаги маълумотлар инглиз тилида тўлиқ ва равон қилиб етказилди. Сўнгра «UzAuto Motors» ишлаб чиқараётган автомобиллар хусусиятлари, келажакдаги моделлар ва уларнинг бутловчи қисмлари ҳақида маълумот берилди.

Айнан мана шу соҳа хорижликлар учун қизиқ бўлиши табиий. Бўлғуси сармоядорлар бизнес юритиш учун шарт-шароитлар ҳақида турли саволлар билан мурожаат этишди. Барча саволларга очиқ ва ойдин жавоб қайтарилди.

Эртага хорижликлар Фарғона, Андижон ва Наманганда бўлишади ҳамда «UzAuto Motors» фаолияти билан яқиндан танишади. Бу яқинлик якунда тузилажак шартномаларга айланиши режалаштирилган.

Айни вақтда «Ўзавтосаноат» тизимида 80 дан ортиқ компания мавжуд бўлиб, уларда 27 мингдан ортиқ ходим фаолият юритиб келмоқда. Йиллик маблағ айланмаси эса 4 миллиард долларни ташкил этади. Акционерлик жамияти томонидан Ўзбекистон бюджетига 2 триллион сўм маблағ солиқ ва бошқа тўловлар кўринишида тўлаб келинмоқда.

«Ўзавтосаноат» автомобилларининг бутловчи қисмларини юртимизда ишлаб чиқариш аллақачон 50 фоизлик кўрсаткичдан ошиб ўтган. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Яқин вақтлар ичида ушбу кўрсаткич 70 фоиздан ошиши режалаштирилган. Хориждан инвесторлар шунинг учун келишди.

«UzAuto»дан янгиликлар яна бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг