Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда янги агентлик ташкил этилди

Ўзбекистонда янги агентлик ташкил этилди

Фото: Xabar.uz

Республикада ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент фармони эълон қилинди.

Фармон билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси негизида Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ташкил этилди.

Шунингдек, «Ўзагрокимёҳимоя» АЖ ва ҳудудий «Агрокимёҳимоя» АЖлар ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини синовдан ўтказиш ва рўйхатга олиш бўйича давлат комиссияси тугатилди.

Ўсимлик зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши курашда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу йўналишда зарур ишлов бериш техникалари, агрометеостанциялар, биолаборатория жиҳозлари ва бошқа ускуналар харид қилинишда давлат томонидан 2024 йил 31 декабрга қадар қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби жорий қилинади:

а) қуйидагилар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация қилинади:

суммаси 10 миллиард сўмдан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 баробаридан ошмайдиган миллий валютада ажратиладиган кредитлар учун фоиз тўловларининг харажатлари, Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 7 фоиз пунктдан кўп бўлмаган қисми;

тижорат банклари томонидан эквиваленти 10 миллиард сўмдан ошмайдиган хорижий валютада ажратиладиган кредитлар учун –тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 30 фоизигача, бироқ 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда фоиз;

б) ажратиладиган кредит таъминотининг 50 фоизигача, бироқ 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси кафиллик тақдим этади.

«Агробанк» АТБ томонидан ўсимлик зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши курашда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига лабораторияларни ташкил этиш, ускуна ва техникаларни сотиб олиш ҳамда айланма маблағлари учун 200 миллиард сўмлик кредит линияси очилади.

Қишлоқ хўжалиги йўналишида, шу жумладан, ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш, мутахассислар ва аҳолининг билим даражасини ошириш мақсадида «Агробанк» АТБ қошида «Фермерлар мактаби» ташкил этилган.

Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти ва соҳадаги изланувчиларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида янги инновацион тадқиқотларни амалиётга жорий қилганлик учун 10 миллиард сўм миқдорида грант ажратилган.

Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Агентлик фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг