Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбалари улуши 30 фоизга оширилади

Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбалари улуши 30 фоизга оширилади

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Ж.Мирзамаҳмудов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Сеул шаҳрида бўлиб ўтаётган қайта тикланувчи энергия манбалари (IREC) саккизинчи халқаро конференциясида иштирок этаяпти.

IREC – бу қайта тикланувчи энергия манбалари борасидаги йирик конференция бўлиб, ҳар икки йилда миллий ҳукуматлар томонидан ўтказилади. Форум доирасида сиёсатчилар ва экспертлар миллий ҳамда минтақалар бўйича қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашадилар.

Форум юқори даражадаги пленар йиғилишлардан, интерфаол параллел машғулотлардан иборат бўлиб, мулоқот ўтказиш ва ўрганиш учун муҳим имкониятларни тақдим этади.

Жорий йилги конференцияда дунёнинг 108 мамлакатидан 3,5 минг нафар иштирокчи, жумладан, вазирлар, йирик шаҳарлар мэрлари, халқаро ташкилотлар президентлари, глобал компаниялар раҳбарлари ва экспертлар иштирок этмоқда.

БМТнинг собиқ раҳбари, Кореянинг иқлим ва ҳаво сифати бўйича миллий кенгаши раиси Пан Ги Мун форумда нутқ сўзлади. Унинг таъкидлашича, «тоза ва барқарор энергияга ўтиш энди танлов эмас, балки атроф-муҳит ва экотизим учун таҳдидлар олдидаги заруриятдир».

Конференция доирасида Ўзбекистон делегацияси қайта тикланувчи энергиялар бўйича халқаро ташкилот Бош директори Франческо Ла Камера, Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазири ўринбосари Ёнг Жун Жу, Корея Энергетика агентлиги президенти Ким Чанг Суп билан музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон делегацияси Корея Республикасининг KEPCO, S&K Engineering and Construction, Hyundai Engineering, Doosan Heavy Industry каби йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашди ва бир қанча, жумладан, қуёш ва шамол электр станцияларига ташриф буюрди.

Шунингдек, Ўзбекистон вакиллари энергия самарадорлиги ва экологик тоза илғор технологиялардан фойдаланилган ҳолда табиий газ ва кўмирда ишлайдиган иссиқлик электр станциялари фаолияти билан танишдилар.

Қайд этиш керак, Ўзбекистон электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмида қайта тикланадиган энергия манбаларининг улушини 2030 йилга бориб 30% га оширишни мақсад қилиб қўйган. Бундай натижаларга эришиш учун Энергетика вазирлиги қайта тикланадиган энергия соҳасида кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фаол чоралар кўрмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг сентябрь ойида Франциянинг «Total Eren» компанияси билан давлат-хусусий шериклик асосида Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВт бўлган қуёш электр станцияси қурилиши бўйича шартнома имзоланди. Октябрь ойида эса Навоий вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш электр станциясини қуриш бўйича тендер натижалари эълон қилинди ва унга кўра БААнинг «Masdar» компанияси 2,679 цент/кВт соат тариф билан ғолиб деб эълон қилинди.

Бундан ташқари, айни вақтда Энергетика вазирлиги Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда 2020 йилда умумий қуввати 700 МВТ бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш лойиҳаларини танлов асосида амалга ошириш чораларини кўраяпти.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги
Матбуот хизмати

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг