Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда 100дан ортиқ замонавий иссиқхона комплекслари ташкил этилади

Ўзбекистонда 100дан ортиқ замонавий иссиқхона комплекслари ташкил этилади

Фото: «Xabar.uz»

Иссиқхона комплексларини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қарор билан иссиқхона хўжалигини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.

Замонавий иссиқхона комплекслари ташкил этиш бўйича истиқболли лойиҳалар доирасида жами республика бўйича 105 та лойиҳа амалга оширилади ва бу орқали 4 минг 481 янги иш ўрни яратилади.

Қарорга мувофиқ Ҳукумат томонидан қуйидагилар амалга оширилади:

  • бир ҳафтада ёқилғи ёқиш йўли билан иссиқлик ёки электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхона, муассаса ва ташкилотлар реестри шакллантирилади;
  • бир ой муддатда ёқилғи ёқиш йўли билан иссиқлик ёки электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар (давлат улуши 51 фоиз ва ундан юқори бўлган), муассасалар ва ташкилотларга туташ ҳудудларда замонавий иссиқхона комплекслари жойлаштирилади.

Шунингдек, қарор билан туташ ҳудудларида замонавий иссиқхона комплексларини жойлаштириш режалаштирилаётган иқтисодиёт тармоқлари корхоналарининг рўйхати тасдиқланди

Ҳудудларда замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этишга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилиши белгиланди ҳамда уларнинг намунавий таркиби тасдиқланди.

Ишчи гуруҳлар раҳбарларига 20 кун муддатда ёқилғи ёқиш йўли билан иссиқлик ёки электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга туташ ҳудудларда жойлашган аниқ ер участкаларининг рўйхатини шакллантириш ва уларни электрон савдоларга қўйиш вазифаси юкланди.

Эндиликда 2019 йилда замонавий иссиқхона комплексларини молиялаштириш, лойиҳаларни амалга ошириш учун Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси, бошқа халқаро молия институтларининг кредит линиялари ҳисобига 200 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағлар жалб қилинади.

Юридик шахслар 2021 йил 1 январга қадар:

  • замонавий иссиқхона комплекслари, уларнинг бутловчи қисмлари ва гофрланган картон идиш ишлаб чиқаришда фойда солиғи, ягона ижтимоий тўлов ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилади;
  • замонавий иссиқхона комплекслари ва гофрланган картон идиш ишлаб чиқариш учун талаб этиладиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуна, хом ашё ва материаллар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар учунбожхона тўловларидан озод этилади.

Қарорга мувофиқ қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини етиштириш бўйичаБухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида уруғчилик кластерлари ташкил этилади.

Қарор билан Инновацион ривожланиш вазирлигига қуйидаги вазифалар юкланди:

  • 2019 йил 1 сентябрга қадар уруғчиликни ривожлантириш марказининг сифатни назорат қилиш лабораторияси негизида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг нав, генетика ва экиш сифат кўрсаткичларини баҳолаш бўйича лаборатория ташкил этиш ва Уруғчиликни ривожлантириш марказини Уруғ сифатини назорат қилиш бўйича халқаро уюшмага (ISTA)аъзо сифатида киритилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш;
  • сабзавот экинларининг ҳосилдорлиги юқори янги навлари ва дурагайларини яратиш.

Қарор билан Самарқанд вилояти Самарқанд туманида қишлоқ хўжалиги ахборот-маслаҳат маркази (экстеншн марказини) дастлабки лойиҳаси амалга оширилади.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб «Иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва юритиш», «Агрокимё ва агротупроқшунослик», «Ўсимликларни ҳимоя қилиш» ихтисосликлари йўналишлари бўйича олий таълим муассасаларига бакалаврлар тайёрлаш юзасидан қабул квоталари камида 2 баробар оширилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2019 йилнинг 1 мартига қадар иссиқхона хўжаликларининг ягона маълумотлар базаси тўлиқ ишлашини ва уларда ишлаб чиқарилган мева-сабзавот маҳсулотларининг тизимли ҳисоби юритилишини ўз маблағлари ҳисобидан таъминлайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг