Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон Тожикистондан пахта толасини қай тартибда сотиб олиши маълум қилинди

Ўзбекистон Тожикистондан пахта толасини қай тартибда сотиб олиши маълум қилинди

Кеча Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Душанбе шаҳрида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 7-йиғилишида иштирок этди. Йиғилишдан сўнг ҳар икки давлатнинг тегишли вазирликлари, идоралари ва тадбиркорлари иштирокида безнес форум бўлиб ўтди. Форумдан сўнг Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов ОАВ учун интервью берди.

— Тожикистон билан товар айирбошлаш бўйича музокаралар турли соҳаларни қамраб олмоқда. Текстил, фармацевтика, озиқ-овқат, қурилиш маҳсулотлари, нефт ва кимё, машинасозлик ҳамда бошқа соҳаларда ҳамкорлик кучайтирилади.

Машинасозлик борасида UzAuto ва Тожикистондаги хусусий компаниялардан бири ўртасида келишув имзоланади. Ушбу компания Тожикистонга автомобил олиб кириш билан шуғулланиб келган. Эндиликда ҳамкорлик янги босқичга чиқади ва шу ернинг ўзида енгил автомобиллар йиғилиши режалаштирилмоқда.

Тожикистондан алюминий, электр энергияси, пахта толаси, руда, цемент ва яна турли маҳсулотлар сотиб олиш мумкин. Тожик алюминийси юртимиздаги машинасозлик ва бошқа ишлаб чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.

Энг муҳими — ҳар икки томоннинг ўзаро иқтисодий муносабатлари тизимли кўриниш касб этади. Бунинг учун жуда кўп мулоқотлар ўтказиляпти, доимий алоқада бўлиб турибмиз. Шу мақсадда Душанбеда «Ўзбекистон савдо уйи» очилиши режалаштирилган. Худди шундай, Тошкентда ҳам Тожикистоннинг савдо уйи ишга туширилади. Бу муассасалар Showroom форматида доимий равишда ишлайди ва ҳар икки давлат томонидан экспорт қилинадиган маҳсулотлар кўргазмаси доимий равишда ўтказилади. Тадбиркорлар, истеъмолчилар ва импортёрлар бемалол келиб, ўзи қизиқиш билдираётган маҳсулотни кўриши, таъбир жоиз бўлса, қўли билан ушлаб кўриши ва шу ернинг ўзида шартнома имзолаши мумкин.

Эътиборли жиҳатлардан бири — Ўзбекистон Тожикистондан пахта толаси сотиб олади. Юртимиздаги текстил корхоналарининг қуввати ошиб бормоқда ва қайта ишлаш учун хом-ашё етишмовчилиги бошланган. Шу боис Тожикистондан пахта толасини импорт қилиш бўйича келишувга эришилди. Ҳозирча синов тариқасида 10-20 минг тонна тола сотиб олинади. Ҳаммаси яхши кетган тақдирда, савдо ҳажми оширилади.

Ўзбекистон икки йилдирки пахта толасини экспорт қилишни батамом тўхтатган. Пахтамиз камида ип-калава кўринишида хорижга сотилмоқда. Айни вақтда ип-калаванинг экспорт нархи бир килограммига 1,5 АҚШ доллари атрофида бўлиб турибди. Яна бир-икки йилдан сўнг ип-калавани ҳам сотишни тўхтатиб, тайёр мато ва бошқа кўринишдаги маҳсулотларни экспорт қилишга тайёрланмоқдамиз. Пахтани шунчаки хом-ашё сифатида сотгандан кўра қайта ишлаб, тайёр маҳсулот, айтайлик, кийим-кечак кўринишига келтирилса, 15-20 баробар кўпроқ фойда келтиради, — дейди Лазиз Қудратов.

Эслатиб ўтамиз, ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш 700 миллион АҚШ долларидан ошиши кутилмоқда. Яқин йилларда ушбу кўрсаткич 1 миллиард АҚШ долларидан ошиши режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг