Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Остонада Ўзбекистон тадбиркорларининг савдо-кўргазма маркази иш бошлади

Остонада Ўзбекистон тадбиркорларининг савдо-кўргазма маркази иш бошлади

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Қозоғистоннинг “NurGroup” компанияси ҳамкорлигида Остона шаҳрининг “Самғау -Тошкент“ савдо уйида ўзбекистонлик ишлаб-чиқарувчиларнинг савдо-кўргазма маркази фаолияти йўлга қўйилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Савдо-кўргазма марказининг расмий очилишида Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов ва Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси, Остона шаҳар ҳокимлиги, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида Самарқанд, Бухоро, Туркистон шаҳарларига бағишланган кўргазмали стендлар намойиш этилди, ўзбек миллий ошхонаси, кулолчилик, каштадўзлик бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.

Шу ўринда алоҳида қайд этиш жоизки, савдо-кўргазма маркази доимий фаолият юритади. Айни вақтда унда намойиш этилаётган юртимиз тадбиркорларининг қандолат, текстил, мебелсозлик, маиший техника маҳсулотларини улгуржи ва чакана ва нархларда харид қилиш имконияти яратилган.

– Ҳали савдо-кўргазма маркази иш бошламай туриб, жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Самғау – Тошкент савдо уйининг савдо айланмаси 1 миллион доллардан зиёдни ташкил этди, – деди мазкур савдо-кўргазма таъсисчиси, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси раиси ўринбосари Мираббос Асланов. – Эндиги мақсадимиз келаётган 2019 йилда Россия Федерацияси ва Болтиқбўйи давлатларида Ўзбекистон маҳсулотларининг шу каби 4 та савдо-кўргазма марказини очишдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг