Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Навоийга қирқдан зиёд мамлакатдан ишбилармон ва инвесторлар келди

Навоийга қирқдан зиёд мамлакатдан ишбилармон ва инвесторлар келди

Фото: «Xabar.uz»

Навоийда нуфузли анжуманлардан бири — «Invest in Navoi» II халқаро бизнес форуми  бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда «Xabar.uz» мухбири хабар берди.

Мазкур халқаро бизнес форумида дунёнинг 40 дан зиёд мамлакатларининг 250 нафардан ортиқ ишбилармон доиралари, салоҳиятли инвесторлари ҳамда хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги мухтор элчилари ва дипломатлари иштирок этмоқда.

Икки кунлик бизнес форумнинг биринчи куни хорижлик меҳмонлар «Навоий» эркин иқтисодий зонаси билан танишишди ва вилоятнинг йирик корхоналарига ташриф буюришди.

Халқаро бизнес форумнинг Навоий вилоятида ўтказилаёгани бежиз эмас. Эркин иқтисодий зона, интермодал логистика маркази, халқаро аэропорт, қатор саноат корхоналари, йирик қувватли электр станцияси вилоятда тадбиркорлик ривожи ва ишбилармонлик муҳитини кенгайтиришга мустаҳкам асос яратмоқда.

Айни пайтда «Навоий» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида хорижий инвесторлар билан қиймати 144 млн. доллар бўлган 21 та лойиҳа устида иш олиб борилаяпти.

«Навоий» халқаро аэропорти орқали Европа ва Осиё давлатлари ўртасидаги йўналишларда йилига 300 минг тонна юкни қабул қилиш ва жўнатиш имконини берадиган қуруқликдаги порт яратилмоқда.

– Эътироф этиш жоизки, айни пайтда вилоятда 134 та қўшма ва хорижий корхоналар фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг 21 таси жорий йилнинг ўзида ташкил этилди,  – дейди Навоий вилояти ҳокимининг ўринбосари Ўктам Исламов. – Икки кун давом этадиган бизнес форум якунида кўплаб манфаатли шартномалар имзоланиб, инновациялар самарадорлигини кенгайтириш ва ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, форум доирасида иштирокчилар вилоятнинг туристик салоҳияти билан танишиш мақсадида қадим ва кўҳна Нурота туманидаги «Чашма» меъморий мажмуаси ҳамда «Сармишсой» музей қўриқхонасига саёҳат қилишлари режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг