Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мирзо Улуғбек илмий асарларига монанд аэропорт ҳақида

Мирзо Улуғбек илмий асарларига монанд аэропорт ҳақида

Самарқанд шаҳрида қурилаётган халқаро аэропорт терминалининг лойиҳаси ғояси 14-асрдаги Моварауннаҳрнинг буюк ҳукмдори, шоир, астроном ва математик Мирзо Улуғбекнинг илмий асарларига бориб тақалади.

«Зижи жадиди Курагоний» Улуғбекнинг асосий илмий асари сифатида тан олинган, асарда астрономиянинг назарий асослари ва 1 000 дан ортиқ юлдузнинг координатлари акс эттирилган. Шунга мувофиқ аэропорт терминали юлдузлар туркуми акс эттирилган очиқ китоб кўринишига эга ва шу йўл билан Мирзо Улуғбекнинг илмий асарлари тасвирланган.

«Биз Самарқандни туристик хабга айлантирмоқчимиз. Бунинг учун аввало аэропорт талаб даражасида бўлиши керак. Шунинг учун ҳам Самарқанд аэропорти янги лойиҳаси биз учун жуда муҳим», — деди вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Нуруллаев.

Халқаро талаблар
AIR MARAKANDA компанияси Мюнхен халқаро аэропорти (Германия) ва Истанбул халқаро аэропорти (Туркия) мутахассислари билан ҳамкорликда Ўзбекистон учун ноёб бўлган ORAT (Operational Readiness, Activation and Transition) – эксплуатацион тайёргарлик, ишга тушириш ва операцион фаолиятни янги инфратузилмага ўтказиш методологияси дастурини амалга ошириш устида иш олиб бормоқда. Ушбу дастур аэропортни ишга туширишда катта миқдордаги турли хил технологик ва бизнес жараёнларининг мураккаб тармоқларини тизимлаштириш ва синхронлаштириш имконини беради.

Йирик сайёҳлик хаби
Lufthansa, KPMG ва Freshfields Bruckhaus Deringer каби компаниялар томонидан янги аэропорт фаолиятини бошқаришнинг молиявий ва ҳуқуқий жиҳатлари кўриб чиқилмоқда. Мюнхен ва Истанбул аэропортлари экпертлари ва мутахассисларининг фикрига кўра, ушбу тизим аэропортларни бошқариш соҳасида илғор технологияларни жорий этишни таъминлайди, авиакомпаниялар, йўловчилар ва республика аҳолисининг эхтиёжларига хизмат қилади, шунингдек, «Самарқанд» халқаро аэропортини йирик транспорт ва сайёҳлик хабига айлантиради.

Эътиборли томони, аэропорт қурилишига 80 миллион доллар миқдорида хусусий инвестиция жалб қилинган. Янги терминални қуришга 500 дан ортиқ мутахассис жалб қилинган. Ишчилар сони - 567 киши, муҳандис ва техник ходимлар сони - 25 киши, шундан маҳаллий аҳоли вакиллари - 561 киши, чет эллик мутахассислар сони - 6 киши.

«Самарқанд» халқаро аэропорти янги терминалининг қурилиши 2021 йилнинг 1 сентябрида якунланиши кўзда тутилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг