Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

МБ: январь ойида тухум ва сабзавотлар баҳоси пасайди, сут ва гўшт нархи ошди

МБ: январь ойида тухум ва сабзавотлар баҳоси пасайди, сут ва гўшт нархи ошди

Кузатишларни амалга ошириш учун аҳоли томонидан кўп истеъмол қилинадиган 135 та маҳсулот ва хизмат тури танлаб олинди.

Фото: «VisaSam»

«Иқтисодиётда нархлар ўзгариши жараёнини атрофлича ва чуқур ўрганиб бориш ва инфляцион хатарларни олдиндан аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Марказий банки республика ҳудудлари бўйича маҳсулот ва хизматлар нархларини мониторинг қилиб бориш амалиётини жорий этмоқда», — дейилади Марказий санк сайти хабарида.

Кузатишлар учун аҳоли кўп истеъмол қиладиган 135 та маҳсулот ва хизмат тури танлаб олинди. Улардан 45 таси озиқ-овқат маҳсулоти, 75 таси ноозиқ-овқат маҳсулоти ва 15 та хизмат ҳисобланади. Ушбу маҳсулот ва хизматлар гуруҳларининг умумий нархлар ўзгариши кўрсаткичига таъсири мос равишда 57, 29,5 ва 13,5 фоизни ташкил этади.

Дастлабки кузатув натижалари шуни кўрсатмоқдаки, истеъмол товарлари нархлари 2018 йилнинг январь ойида, ўтган йилнинг декабрь ойидаги ўсишдан кейин, нисбатан барқарор бўлди. Бу асосан янги йил байрами арафасидаги даврга қараганда 2018 йил январь ойида истеъмол фаоллигининг нисбатан паст бўлгани билан изоҳланади.

Хусусан, мазкур ҳолат озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари динамикасида ўз аксини топди. Айрим маҳсулотлар нархларида юқори ўзгарувчанлик кузатилганига қарамасдан, озиқ-овқатларнинг умумий нархларида озроқ (1 фоиз) пасайиш бўлди.

Январь ойида кузатиш олиб борилган озиқ-овқат маҳсулотлари орасида тухум 10,5 фоиз, сабзавотлар ўртача 5,8 фоиз ва мевалар ўртача 4,5 фоиз арзонлашди. Хусусан, бодринг нархи 14 фоиз, пиёз 10,2 фоиз, помидор 9,9 фоиз, карам 9,3 фоиз, картошка 6,3 фоиз, сабзи 2,3 фоиз ва олма нархи 4,6 фоиз пасайди.

Шу билан бирга, кузатиш натижалари сут нархининг 4,9 фоиз, гўшт (мол ва қўй гўшти) 1,1 фоиз, буғдой уни – 0,7 фоиз ва гуруч 0,4 фоиз қимматлашганини кўрсатди.

Мазкур даврда кузатиш учун танлаб олинган ноозиқ-овқат маҳсулотларининг умумий нархлари 2,1 фоиз ошди. Бунда кундалик истеъмолда ишлатиладиган маҳсулотлар нархлари озроқ ўсиб, юқори ўсиш қурилиш моллари ва автомобиллар учун ёқилғи нархларида кузатилди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсишига асосан қурилиш материаллари (10,8 фоиз), акциз товарлар (сигарет ва алкоголь маҳсулотлари – тегишли равишда 7,2 ва 0,3 фоиз) ҳамда автомобиллар учун метан ёқилғиси нархининг (6,7 фоиз) ошиши таъсир кўрсатган. Бунда тадбиркорлик субъектлари учун табиий газ тарифларининг оширилиши ва акциз солиғи ставкаларининг кўтарилиши нархлар ўсишининг асосий омилларидан бўлди.

Бундан ташқари, кийим-кечак ва пойабзалга талабнинг камайиши натижасида ушбу гуруҳ товарлари нархлари 2,2 фоиз пасайди.

Бу даврда хизматлар 4,2 фоиз қимматлашди. Хусусан, мактабгача таълим муассасалари хизмати учун тўлов 10,3 фоиз, транспорт хизматлари 6,3 фоиз, маиший хизматлар 3 фоиз ва тиббий хизматлар нархи 2,1 фоиз ўсди.

Умуман олганда, истеъмол талаби нисбатан сусайган шароитда 2018 йилнинг январь ойида умумий кузатишдаги маҳсулот ва хизматлар нархларида нисбатан паст даражадаги, яъни 0,6 фоизлик ўсиш кузатилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг