Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Марказий банк ички валюта бозори тўғрисида шарҳ берди

Марказий банк ички валюта бозори тўғрисида шарҳ берди

Фото: «Xabar.uz»

2019 йилнинг 9 ойи давомида ички валюта бозорида юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган валюта олди-сотди операцияларининг жами айланма ҳажми 24,3 мрлд. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичга (18,3 мрлд. долл.) нисбатан 1,3 баробарга ошди, дейилади Марказий банк шарҳида.

Ички валюта бозорида амалга оширилган операциялар қуйидагиларни ўз ичига олади:

Валюта биржаси орқали амалга оширилган операциялар

Валюта биржасининг банклараро савдо сессияларида амалга оширилган валюта олди-сотди операцияларнинг ҳажми 15,5 млрд. долларни ташкил этиб, бундан жами талаб 7,7 млрд. долларга, таклиф эса 4,8 млрд. долларга тенг бўлди.

1-расм

Валюта биржасида амалга оширилган валюта олди-сотди операциялари ҳажми

(2018-2019 йил январь-сентябрь ойлари)

млн. АҚШ долларида

Юқорида келтирилган талаб ва таклиф ўртасидаги 2,9 млрд. доллар миқдоридаги тафовут Марказий банкнинг соф интервенциялари ҳисобига қопланиб, йил бошидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинган монетар олтин ҳажми (3,0 млрд. долл.) доирасида бўлди. Бу ўз навбатида, пул-кредит сиёсатидан келиб чиқиб, иқтисодиётга қўшимча киритилган ликвидликни стерилизация қилиш имконини яратди.

2-расм

Марказий банк томонидан сотиб олинган монетар олтин ва интервенция хажми

(2019 йил январь-сентябрь ойлари)

млн. АҚШ долларида

Биржадан ташқари валюта бозорида амалга оширилган операциялар:

— Биржадан ташқари валюта бозорида тижорат банклари томонидан амалга оширилган валюта олди-сотди операцияларининг жами ҳажми 5,2 млрд. долларга тенг бўлди. Бунда тижорат банклари мижозлар-юридик шахслардан 3,0 млрд. доллар миқдорида валюта маблағлари сотиб олиб, ўз навбатида уларга 2,2 млрд. доллар миқдорида валюта маблағлари сотилди. Ушбу операциялар натижасида юзага келган 0,8 млрд. доллар миқдоридаги валюта маблағлари тижорат банкларининг ўз иҳтиёрида қолиб, ички валюта бозорида қўшимча таклиф шаклланишига замин яратди.

3-расм

Биржадан ташқари валюта бозоридаги операциялар ҳажми
(2018-2019 йил январь-сентябрь ойлари)

млн. АҚШ долларида

Валюта айирбошлаш шохобчалари орқали тижорат банклари билан аҳоли ўртасида амалга оширилган валюта олди-сотди (нақд ва нақдсиз шаклда) операцияларининг жами ҳажми 3,6 млрд. долларга етди. Бунда аҳолидан сотиб олинган валюта маблағлари 2,5 млрд. долларни, аксинча уларга сотилган валюта миқдори 1,0 млрд. долларни ташкил этди. Юқоридаги каби, аҳоли билан амалга оширилган операциялар натижасида юзага келган 1,5 млрд. доллар миқдоридаги валюта маблағлари ҳам ички валюта бозорида таклиф яратди.

Тижорат банкларининг аҳоли билан валюта олди-сотда операциялари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 баробарга ошди.

4-расм

Жисмоний шахслар билан амалга оширилган операциялар ҳажми

(2019 йил январь-сентябрь ойлари)

млн. АҚШ долларида

Шунингдек, жорий йил январь-сентябрь ойлари давомида аҳоли томонидан амалга оширилган пул ўтказмалари жами айланма ҳажми 5,2 млрд. долларни ташкил этиб, бундан 4,5 млрд. доллар валюта маблағлари республикага халқаро пул ўтказмалар тизими орқали кириб келган бўлса, 0,8 млрд. доллар аҳоли томонидан чет эл мамлакатларига юборилган.

Халқаро пул ўтказмалари орқали республикамизга кириб келган валюта маблағлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоизга ошди (2018 йил январь-сентябрь — 3,8 мрлд. долл.).

Валюта курси динамикаси

2019 йилнинг 9 ойида давомида миллий валютамизнинг чет эл валютасига нисбатан курси ички валюта бозорида мавжуд талаб ва таклифдан келиб чиқиб 13 фоизга пасайди. Ушбу давр мобайнида валюта курсининг минимал ва максимал кўрсаткичи мос равишда 8334 сўм/долл (январь ойида) ва 9457 (сентябрь ойида) сўм/долларни ташкил этди.

Жорий йилнинг август ойида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида алмашув курсининг янги бозор шароитларига мослаштирилишидан сўнг сентябрь-октябрь ойларида валюта биржасида алмашув курси динамикасининг барқарорлиги кузатилиб, макроиқтисодий шароит ва омилларни инобатга олган ҳолда йил якунига қадар кескин ўзгариши кутилмаяпти. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг