Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

МЧЖларга облигациялар чиқаришга рухсат бериш таклиф қилинмоқда

МЧЖларга облигациялар чиқаришга рухсат бериш таклиф қилинмоқда

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги корпоратив облигациялар чиқаришни чекловчи нормалардан воз кечиш ва маъсулияти чекланган жамиятларнинг облигациялар чиқаришига рухсат бериш тарафдоридир. Агентлик томонидан ушбу масалада тайёрланган қонун лойиҳаси ҳозирда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига киритилди.

Ҳозирги вақтда корпоратив облигацияларни фақат акциядорлик жамиятлари ва тижорат банклари чиқариши мумкин. Шу билан бирга, облигациялар чиқариш бўйича эмитентга қўйилган қонуний талаблар уни молия жалб қилишда ҳатто кўпгина акциядорлик жамиятлари учун ҳам кераксиз воситага айлантириб қўйган.

Хусусан, ҳозирги вақтда, «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3, 5 ва 6-моддаларига мувофиқ, облигацияларни акциядорлик жамиятлари фақат ўз устав капитали ҳажми доирасида ва уч йиллик ижобий молиявий фаолияти ва рейтинги мавжуд бўлган тақдирдагина чиқара олади.

Шунингдек, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 30-моддасига кўра облигациялар умумий қиймати компаниянинг уларни чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган санадаги капитал миқдоридан ошмаслиги лозим доирасида облигациялар чиқарилишини чеклашлар белгиланган.

Гарчи корпоратив облигациялар банк кредитига нисбатан қўлайроқ альтернатива бўлиши лозимлигига қарамасдан, бундай тартиб ушбу воситага мурожаат қилиши мумкин бўлган компаниялар сонини сезиларли даражада чеклаб қўяди.

Ушбу ҳолат, ўз навбатида, сўнгги йилларда муомалада бўлган корпоратив облигациялар сони ва ҳажмининг кескин пасайишига олиб келди. Хусусан, 2010-2018 йиллар давомида муомаладаги корпоратив облигациялар сони 41 тадан 17 донагача, уларнинг умумий қиймати эса 512 млрддан 198 млрд сўмгача камайди – бу муомалада мавжуд акциялар умумий қийматининг атиги 0,002 фоизини ташкил этади.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда иқтисодиётнинг турли соҳаларида фаолият юритадиган маъсулияти чекланган жамият (МЧЖ) кўринишидаги 148 мингдан ортиқ корхона мавжуд. Аксарият акционерлик жамиятларига қараганда кўпроқ инвестиция жалб қилишга қодир ушбу корхоналарнинг барчасида банк кредитидан бошқа ўз бизнесини молиялаштиришга алтернатива йўқ. Корпоратив облигациялар эса МЧЖлар учун худди шундан алтернативага айланиши мумкин.

Шу муносабат билан Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унда қуйидагилар таклиф қилинади:

1. Масъулияти чекланган жамиятларга (МЧЖ) ташқи аудиторлик, молиявий ҳисобот, маълумотларнинг ошкор этилиши ва акциядорлик жамиятлари учун талаб қилинадиган бошқа талаблар қўйилган ҳолда облигациялар чиқаришга рухсат бериш.

2. Чиқарилаётган облигациялар ҳажмини компаниянинг устав капитали доирасида белгилаш, уларни чиқаришда гаров талаб қилиниши, уч йиллик ижобий молиявий ҳисобот ва рейтингларга эга бўлиш талабларини олиб ташлаш.

2. Талабларнинг мавжуд тенденцияларга тез мослашиши ва ўларга ўз вақтида ўзгартириш ва тўлдиришлар киритиб бориш мақсадида корпоратив облигациялар чиқариш шартларини ва талабларни белгилаш ваколатини Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига (Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги) бериш.

Ушбу қонун лойиҳасида холдинг компанияларини солиққа тортиш тартибига қўшимчалар киритиш таклиф этилади. Хусусан, шўъба корхоналарининг дивидендлари сифатида олинган маблағларни, шунингдек, холдингларнинг шўба корхоналари акцияларини (улушларини) сотишдан тушган пул маблағларини Холдингнинг умумий даромади сифатида кўриб чиқмаслик таклиф этилади.

Холдинг компаниялари учун қулай шарт-шароитларни яратиш нафақат миллий холдинг компанияларига бўшатилган маблағларни ишлаб чиқаришнинг моддий-техник базасини ривожлантиришга йўналтириш, балки ўз маблағларини республикамиз ҳудудидан бошқарадиган ва бошқарадиган холдинг компаниялар сонини оширишга ҳам ёрдам беради.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатда бизнес юритиш муҳитини янада яхшилашга, республика иқтисодиётига аҳоли ва инвесторларнинг бўш маблағларининг кенг ва фаол жалб қилинишига хизмат қилади ва шу билан реал сектор корхоналарининг давлат кафолати ва банк кредитларига боғлиқлигини камайтиради (банк секторига юк камаяди), шунингдек, давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки камаяди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг