Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Иш ҳақи, пенсия ва бошқа тўловлар миқдорини аниқлаш тартиби такомиллаштирилади

Иш ҳақи, пенсия ва бошқа тўловлар миқдорини аниқлаш тартиби такомиллаштирилади

Фото: «Xabar.uz»

Молия вазирлиги томонидан «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар миқдорини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги президент фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Ҳужжат иш ҳақи миқдорини аниқлаш тартибини такомиллаштириш, меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар белгилаш ва жарима ҳамда йиғимлар ундириш ўртасида боғлиқлик шартини йўқотиш мақсадида қабул қилинади.

Президент фармони лойиҳасига мувофиқ, 2018 йил 1 июлидан: меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲЭКМ) 577 170 сўм; базавий ҳисобланган сумма (БҲС) — 202 730 сўм; ҳисобланган пенсия кўрсаткичи (ҲПК) — 202 730 сўмни ташкил қилади.

Лойиҳага кўра, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори мутлақ суммада белгиланади ва «1,0» тариф коэффициенти билан Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси биринчи разряди ойлик тариф ставкаси сондаги қиймати саналади.

Шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори лавозим маоши, устама, қўшимча пул, гонорарлар, қўшимча иш учун компенсация тўловлари, озиқ-овқат, йўл ва рағбатлантирувчи бошқа турдаги тўловлар, иш ҳақини ҳисоблашда қўлланиладиган чегара миқдор, қонунчилик билан белгиланган чегириб қолиш ҳамда иш ҳақи миқдорига боғлиқ бўлган бошқа тўловлар аниқлаш мақсадида меҳнат муносабатлари соҳасида қўлланилади.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори эгалик шакли ва меҳнат муносабатларидан қатъи назар, белгиланган меҳнат нормаларини тўлиқ бажарган ишчилар меҳнатига ҳақ тўлашнинг паст чегараси сифатида барча иш берувчилар учун мажбурий бўлади.

Базавий ҳисобланган сумма солиқлар, йиғимлар, жарималар, давлат божлари, стипендиялар ва тақдим этиладиган давлат хизматлари учун бошқа тўловлар миқдорини аниқлаш, шунингдек, оиланинг ижтимоий қўллаб-қувватловга муҳтожлигини аниқлашда қўлланилади.

Бундан ташыари, базавий ҳисобланган сумма патент, лицензия ва маълум бир турдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бошқа тўловлар, ташкилотлар устав ва бошқа фондлари (капитал) миқдори, пул маблағларисиз тўланувчи акциялар қиймати, бошқа қимматли қоғозлар, жамиятлар активлари баланс қиймати, микрокредитлар ҳамда лизинг чегара миқдори, шунингдек, бошқа молиявий-иқтисодий кўрсаткичлар базаси сифатида қўлланилади.

Ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси 9 мартгача давом этади. Лойиҳа ўзгариши, қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг