Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Франция компанияси Ўзбекистонда уран қазиб чиқаради

Франция компанияси Ўзбекистонда уран қазиб чиқаради

Ҳамкорлик битими Ўзбекистон давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси Бобур Исломов ҳамда «Orano Mining» президенти Николя Маес томонидан имзоланди.

Парижда Франциянинг «Orano Mining» компанияси ҳамда Ўзбекистон давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ўртасида геологик қидирув ва конлар фаолиятини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик битими имзоланди. Бу ҳақда «Orano Mining» компанияси матбуот хизмати хабар берди.

Ҳамкорлик битимига кўра, 51 фоиз улуши француз ширкатига, 49 фоиз улуши Ўзбекистон давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига тегишли бўлган қўшма корхона ташкил этилади.

Янги корхона Навоий вилоятида, хусусан, Қизилқум чўлида уран қазиб олиш ва захираларни тадқиқ этиш билан шуғулланади. Конлардаги фаолият 2020 йилнинг биринчи ярмида бошланиши кўзда тутилган.  

«Orano Mining» президенти Николя Маес компания фаолияти янги жуғрофий ҳудудларга ёйилаётганидан мамнун эканини билдирган.  

Ўз навбатида, Ўзбекистон давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси Бобур Исломов мазкур битим мамлакат уран саноатини диверсификация қилиш ва ишлаб чиқаришнинг янги қувватларини яратишда муҳим ўрин тутишини таъкидлаган.

Айни чоқда, томонлар мазкур лойиҳа икки давлат дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этган.

Қўмита матбуот хизматига кўра, инвестиция лойиҳаси доирасида дастлабки босқичда 20 миллион долларгача, кейинроқ 150 миллион долларга тенг тўғридан-тўғри хорижий сармоя жалб этиш кўзда тутилган.

«Orano Mining» компанияси ядро саноати йўналишида дунёда пешқадам ўринга эга. Ширкат уран қазиб олиш, уни қайта ишлаш ва бойитиш, ядро ёқилғисини ташиш, радиоактив чиқиндилар ҳамда ядро объектларини тасарруфдан чиқариш билан шуғулланади. 

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил октябрда Францияга сафари чоғи «Orano Mining» компанияси билан ҳамкорликда қўшма корхона ташкил этиши борасида келишувга эришилган эди.

Ўзбекистон уран захираси ва уни қазиб олиш кўрсаткичи бўйича дунё ўнлигига киради. Айни пайтда мамлакатда ядро энергетикаси соҳасини ривожлантириш, хусусан, атом электр станцияси қуриш устида изланишлар олиб борилмоқда.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг