Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Евро: французларни «чангда қолдирган» немислар

Евро: французларни «чангда қолдирган» немислар

Фото: «T-Online»

Европа иттифоқида ягона валюта — евро 1999 йилнинг 1 январидан муомалага киритилган. Шунга ҳам 20 йил тўлди. Аввалига евро нақд пулсиз тўловларда ишлатилди, орадан уч йил ўтиб — 2002 йилдан ЕИнинг 12 мамлакати евровалютага ўтди.

Валюта ягона бўлгани билан, ҳар бир мамлакат иқтисодиётига ҳар хил таъсир кўрсатди. Бу ҳақда «T-Online» ёзмоқда.

Масалан, Германия еврога ўтишдан энг кўп фойда олди, Франция ва Италия эса аксинча, молиявий йўқотишлар гирдобида қолди.

Фрайбургдаги Европа сиёсати маркази (CEP) ҳисоб-китобларига кўра, Германия евро жорий этилганидан бери ўз иқтисодий аҳволини 1,9 трлн. еврога яхшилаб олган. Германия аҳолиси жон бошига тақсимлаганда 23 116 евродан тушади.

Нидерландия ҳам евродан наф кўрган мамлакат — 1999 йилдан 2017 йилгача 346 млрд. евро фойда.

Қанчалик ажабланарли бўлмасин, ҳатто Греция ҳам дастлаб «ғолиблар» сафида эди — 2 млрд. евро. Бироқ юнон мамлакати «шоҳсупада» фақат 2011 йилгача туриб берди, кейин эса иқтисодий инқироз жарига қулади...


Мавзуга оид: Евро 20 ёшда (фото)


CEP тадқиқоти 1999 йилдан 2017 йилгача бўлган даврда ЕИ мамлакатларининг ягона валютани ҳисобга олмаган ҳолда ялпи ички маҳсулоти ўсиши ривожланишини солиштиришга асосланди. Тадқиқотда ЕИнинг 19 мамлакатидан 8 таси қамраб олинди.

Ягона валютанинг муомалага киритилиши, айниқса, Франция ва Италия иқтисодиётида салбий из қолдирди. Французлар 3,6 трлн., италияликлар 4,3 трлн. евро зарар кўришди.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, Франция ва Италия еврозонада рақобатга дош бера олмагани учун кўп зарар кўрди. Ҳолбуки, еврогача бўлган сўнгги ўн йилликда уларнинг миллий валюталари девальвацияси анчайин барқарор эди. Энди эса Франция еврода фойдага чиқиш учун мураккаб ислоҳотлар йўлидан боришига тўғри келмоқда. Тизимли ислоҳотларга энг яхши мисол — Испания: 2015 йилдан бери Пиреней мамлакатининг иқтисодиёти барқарор ўсмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг