Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дунёда 7 дона қолган Амир Темур олтинларидан бири «Миллий банк»да сақланмоқда

Дунёда 7 дона қолган Амир Темур олтинларидан бири «Миллий банк»да сақланмоқда

Фото: Xabar.uz

Банк қандай пайдо бўлганини биласизми? Бу сўзнинг маъносиничи? «Сарроф пештахтаси» маъносини билдирадиган банк хизматининг илк кўриниши ўрта асрларда Европада юзага келган эди. Аҳолида пул кўпайгач, уни майдалаш ёки йириклаштиришга эхтиёж пайдо бўлди. Айнан шу ишни саррофлар кўчаларга пештахта қўйиб, амалга оширар эди.

Кейинчалик омонат сақлаш, кредит бериш ва бошқа хизматларга эҳтиёж сезилди. Шу тариқа илк банклар юзага келди. Ва бу қизиқарли маълумотлар «Миллий банк»томонидан ташкил этилган очиқ эшиклар кунида мактаб ўқувчиларига етказиб берилди.

Айни вақтда Тошкент шаҳар, Юнусобод туманидаги 70-мактаб ўқувчилари «Миллий банк» ҳудудида бўлиб турибди ва банк фаолияти билан танишиб бормоқда. Банкнинг ҳар бир бўлими ҳақида алоҳида маълумот ўқувчиларга етказилди ва уларнинг саволларига жавоб берилди.

Шубҳасиз экскурсиянинг энг қизиқарли жиҳатларидан бири — «Миллий банк»нинг музейига қилинган ташриф бўлди. Юртимизда милоддан аввалги биринчи минг йилликдаёқ савдо-сотиқ етарлича ривожланган. Аҳамонийлардан тортиб, антик давр тангаларигача ўқувчиларга намойиш этилди.

Қалбаки пул тайёрлаш — катта жиноят. Бунга қарши туриш учун пулда ҳимоя қатлами бўлади. Қўлимиздаги купюрага қарасак, у бир неча ҳимоя қатламига эга эканини кўрамиз. Фирибгарларга қарши ҳимояланиш ўрта асрлардаёқ бошланган эди.

Хонликлар даврида пул қимматбаҳо металлдан, хусусан, олтиндан тайёрланган. Бундай пулни қалбакилаштиришдан ташқари яна бир хавф бор эди. Қаллоблар ҳар бир тангадан озгина-озгина кесиб олиши мумкин бўларди. Қонун ҳимоячилари бунга қарши туриш учун пулни ҳимоя қилишган. Яъни, танганинг гир айланасига нуқталар қўйиб чиқилган. Натижада танганинг бир четидан қириб олиш ҳам имконсиз иш бўлган.

Миллий банк музейига бутун дунёдан қизиқиш бор. Бу ерда сонга эмас, сифатга эътибор берилади ва Буюк Британия музейидан кам кўрилмайди. Хусусан, Амир Темур даврига оид олтин тангалар дунё бўйлаб 7 дона қолган, ҳолос. Ва мана шу тангалардан бири «Миллий банк»да  сақланади. Банк яқинда ушбу тангани сотиб олди ва ўз коллекциясига қўшиб қўйди.

Саёҳат охирида ўқувчилар мажлислар залига таклиф этилди. Бу ерда аввал банк ҳақида яна-да батафсилроқ маълумотлар видеороликлар кўринишида берилди. Якунда ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

— Мен мактабни битириб, университетга ўқишга кирсам, шартнома пулини тўлаш учун кредит олсам бўладими?
— Албатта. Талабалар учун таълим кредити ажратилади. Кредит сизнинг номингизга расмийлаштирилади, аммо ота-онангиз кафил бўлади. Бундай кредитнинг муддати 10 йилдан иборат.

— Мабодо банкдан кредит олган корхона касодга учраб, ёпилиб кетса, у олган кредит тақдири нима бўлади?
— Кредит беришнинг ўзига яраша тартиб-қоидалари бор. Масалан, кредит учун гаровга бирор мулк қўйилиши лозим. Шундай экан, банк ўзини бундай ҳолатлардан кафолатлайди.

Савол-жавоб қисмидан сўнг ўқувчиларга 20 дақиқа вақт берилди. Улар ўз таассуротларини қоғозга битишди ва ғолиблар тақдирланди.

«Миллий банк» очиқ эшиклар куни муносабати билан ташкил қилган тадбирлар давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг