Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Чегара олди ҳудудидаги корхонада иш ҳақи қанча бўлиши керак? Миллий банкдан пресс-тур (фото)

Чегара олди ҳудудидаги корхонада иш ҳақи қанча бўлиши керак? Миллий банкдан пресс-тур (фото)

Фото: Xabar.uz

Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки томонидан бугун Сирдарё вилоятига пресс-тур ташкил этилди. Журналистлар энг аввало Сирдарё вилояти, Сирдарё туманидаги сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган «AWP» Ўзбекистон - Хитой қўшма корхонасига ташриф буюришди.

Ушбу ҳудуд нимаси билан алоҳида аҳамият касб этади? Энг аввало «AWP» корхонаси Сирдарё вилоятининг чегара олди ҳудудида жойлашган. Бундай жойда аҳолини иш жойи ва энг муҳими — муносиб иш ҳақи билан таъминлаш алоҳида аҳамият касб этади. Корхонадаги энг кам иш ҳақи 1,5 миллион сўм бўлгани ҳолда, энг кўпи 3-4 миллион сўмгача етади. Ишчилар тушликда иссиқ овқат билан таъминланган ва улар учун барча қулайликларга эга истироҳат боғи ҳам ташкил этилган.

«AWP» 2014 йилда ташкил топган ва 2015 йилдан эътиборан маҳсулот ишлаб чиқара бошлаган. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш эҳтиёжи пайдо бўлгач Миллий банк 1,36 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратди. Корхонада Олмалиқ тоғ-кон металлургия корхонасининг улуши 50 фоиздан иборат. Хитойнинг Peng Sheng компанияси 17 фоиз ва Wengzhou Trade International бирлашмаси 33 фоиз улушга эга.

Миллий банк кредити асосида ишлаб чиқариш кенгайтирилгач, 300 дан ортиқ фуқаролар иш билан таъминланди. «AWP» йил давомида 2 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқаради ва унинг 30 фоизини хорижга экспорт қилади. Ҳозирча Қозоғистон ва Россияда «AWP» маҳсулотлари сотилмоқда, яқин келажакда бошқа давлат бозорларига ҳам кириш режалаштирилган.

«AWP» корхонаси айнан Сирдарёда жойлашгани географик жиҳатдан катта устунлик беради. Бу ердан Қозоғистон ва Россияга маҳсулотларни чиқариш ҳам, бутун Ўзбекистон ҳудудига етказиб бериш ҳам қулай. Таъкидлаш жоиз, «AWP» корхонаси сантехника воситалари ишлаб чиқаришда ҳажм ва сифат бўйича нафақат Ўзбекистон, балки Ўрта Осиёда ягона ҳисобланади.

Корхонага қатнаш учун автобус ташкил этилган. Аммо хоҳловчилар, уйи яқинроқда жойлашганлар велосипедда қатнаши мумкин. Бунинг учун уларга махсус жой ажратилган.

Дизайн ва муаллифлик ҳуқуқи «AWP» брендига тегишли бўлиб, корхона Миллий банк билан ҳамкорликда ишлаб чиқаришни яна-да ошириш устида иш олиб бормоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг