Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Барча раҳбарлар аниқ билиб олсин – қатъий ҳисоб-китобсиз бирор бир лойиҳани молиялаштиришга рухсат берилмайди» – Президент

«Барча раҳбарлар аниқ билиб олсин – қатъий ҳисоб-китобсиз бирор бир лойиҳани молиялаштиришга рухсат берилмайди» – Президент

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ-бюджет сиёсати, давлат бюджетининг жорий йилда кутилаётган ижроси ва 2020 йилга мўлжалланган параметрлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.


Шавкат Мирзиёев: «Афсуски, бирорта тармоқни «зўр ишлади» деб айта олмаймиз»


Йиғилишда экспорт таркиби, ташқи бозордаги талаб ва юртимиз корхоналарининг ундаги ўрни чуқур таҳлил қилинди. 

Ўзбекистон экспортининг 50 фоизидан юқорисини ҳанузгача газ, олтин, кумуш, мис, рух, полиэтилен каби хомашёлар ташкил этаётгани, арзон хомашё мавжуд бўлган тармоқлар бўйича ишлаб чиқариш ва экспорт етарлича йўлга қўйилмаётгани кўрсатиб ўтилди. 

Масалан, мамлакатимизда чарм-пойабзал экспорти бўйича камида 1,5 миллиард долларлик салоҳият бўлса-да, ҳозирда бу борадаги кўрсаткич 200 миллион долларга ҳам етмайди. 

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «Ўзчармсаноат» уюшмасига терини чуқур қайта ишлаб, аёллар пойабзаллари ва сумкалари, спорт анжомлари ва бошқа тайёр чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали экспорт ҳажмини 2 баробар ошириш вазифаси қўйилди.

Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти сўнгги икки йилда 2 баробарга ошиб, 1 миллиард 600 миллион долларга етган бўлса ҳам, унинг деярли ярмини ип-калава ташкил этмоқда.

Шу боис Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига экспортда тайёр маҳсулотлар улушини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Яна бир таҳлил: дунёда мева-сабзавот маҳсулотларининг ташқи бозори 205 миллиард долларни ташкил этади. Юртимизнинг бу бозордаги улуши эса бир фоизга ҳам етмайди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компаниясига мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55 та туманда экинларни тўғри жойлаштириш, «маҳсулот етиштириш – харид қилиш – сақлаш ёки қайта ишлаш – экспорт» занжирини яратувчи кооперациялар ташкил этиш орқали экспорт ҳажмини босқичма-босқич 5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди. 

Машинасозлик ва электротехника товарларининг қўшилган қиймати юқори, дунёда уларга доимий талаб ҳам бор. Лекин тармоқ корхоналари бу имкониятдан тўла фойдаланмаяпти. Шундан келиб чиқиб, соҳа мутасаддиларига қўшни давлатлар билан савдони ривожлантириш, экспорт ҳажмини 2-3 баробар ошириш бўйича топшириқлар берилди. 

Охирги уч йилдаги фаол инвестиция оқими туфайли соҳа ва ҳудудларга кўп маблағ йўналтирилгани қайд этилар экан, жалб қилинаётган ҳар бир долларнинг натижадорлигига асосий эътибор қаратиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

– Барча раҳбарлар аниқ билиб олсин – қатъий ҳисоб-китоб, техник-иқтисодий асосларсиз бирор бир лойиҳани молиялаштиришга рухсат берилмайди, – деди Президент. 

Бош вазир раҳбарлигида ташқи қарз ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар натижадорлигини назорат қилиш бўйича комиссия ташкил этиб, масъул идораларнинг ҳисоботини қабул қилиш зарурлиги таъкидланди.

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилган солиқ ислоҳотлари тушумлар кўпайишида ижобий натижалар бермоқда. Буни халқаро молиявий институтлар ҳам тасдиқламоқда.

Масалан, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони 12 баробар, фойда солиғи тўловчилари сони 6,5 баробарга ошган. Иш ҳақига нисбатан солиқ юки кескин пасайтирилгани натижасида даромад солиғи тўловчилари сони 700 мингга, ушбу солиқ тушуми эса 2 баробарга ортди.   

Мазкур ислоҳотларнинг давоми сифатида жорий йил 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилиб, қатор имтиёзлар бекор қилинди. 2020  йил 1 январдан эса давлат улуши бор корхоналарга ҳам ягона ижтимоий тўлов 25 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилади. Бу чоралар натижасида келгуси йилда солиқ тўловчилар ихтиёрида 12,8 триллион сўм миқдорида маблағлар қолади.

Президентимиз Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасига 2020 йил учун прогноз қилинган бюджет тушумини таъминлаш юзасидан топшириқлар берди. Бунда электрон ҳисоб-фактура, замонавий маркировка, онлайн касса машинаси каби илғор технологияларни кенг жорий этиш орқали солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Божхона органларида самарали ишлайдиган янги вертикал тизимни шакллантириш, бунда импорт қилинаётган товарлар нархини ҳаққоний баҳолаш, риск-анализ ва бошқа замонавий усулларни кенг қўллаш, шунингдек, ички назоратни кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Давлатимиз раҳбари солиқ юкини пасайтириш иқтисодиётга ва аҳоли фаровонлигига ижобий таъсир этишини инобатга олиб, бу масалага алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. 

Йиғилишда 2020 йил бюджетининг харажатлар қисми ҳам чуқур таҳлил қилинди. 

Жумладан, келгуси йили ижтимоий соҳалар учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳажми ортиши кўзда тутилган. Масалан, соғлиқни сақлаш тизимига йўналтириладиган харажатлар жорий йилдагига нисбатан 18 фоизга, таълим соҳасига – 10 фоизга ва илм-фан ривожига – 47 фоизга кўпаяди. Қолаверса, таълим, тиббиёт, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, инфратузилмаларни яхшилаш каби йўналишларда 100 га яқин мақсадли дастурлар режалаштирилган.

Аҳолини дори воситалари билан таъминлаш учун 1,3 баробар, болалар спорти дастури учун 3 баробар, геология-қидирув ишлари дастурига 4 баробар кўп маблағ ажратиш мўлжалланган.

Шунингдек, пахтачилик ва боғдорчиликда сув тежовчи технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги техникасини харид қилиш харажатларига ҳам алоҳида ўрин берилган. 

Президентимиз харажатлар борасидаги энг устувор вазифа молия-бюджет интизоми, йўналтирилаётган ҳар бир сўм иқтисодиёт учун қандай натижа бераётгани асосий мезон бўлиши лозимлигини таъкидлади. Молия вазирлиги ва Ҳисоб палатасига бюджетдан молиялаштириладиган дастурларнинг мақсадли индикаторларини белгилаш ва ижросини баҳолаш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. 

Ҳокимликларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш мақсадида ҳудудий молия органларини тўлиқ маҳаллий давлат органлари тузилмасига ўтказиш зарурлиги таъкидланди. 

Автомобиль йўллари, ирригация, мелиорация каби соҳаларга инвестиция харажатлари бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.

Муҳокама қилинган барча жиҳатларни ҳисобга олиб, «2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига тақдим этиш кераклиги қайд этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг