Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Атом энeргиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида» ги қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди

«Атом энeргиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида» ги қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди

2019 йил 2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тегишли ўзгартиришлар киритилгандан сўнг қайта кўриб чиқилди ва қабул қилинди. Бу ҳақда «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур қонуннинг мақсади атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш учун янги ташкил этилилаётган давлат ташкилотлари ва тизимларнинг фаолияти учун қонуний асослар яратиш, шунингдек, миллий қонунчиликка атом энергиясидан фойдаланиш бўйича самарали хавфсизлик механизмларини жорий этишга қаратилган.

Қонун лойиҳасида атом энергиясидан фойдаланиш бўйича фаолиятни амалга оширишда қуйидаги асосий принциплар кўзда тутилган:

  • фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулкини сақлаш, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш устуворлиги;
  • хавфсизликнинг таъминланиши;
  • ахборотнинг очиқлиги;
  • ядровий қурол ва бошқа ядровий портловчи қурилмалар ишлаб чиқаришнинг таъқиқланиши.

Қонун лойиҳасини тайёрлашда атом энергетикасидан муваффақиятли фойдаланиб келаётган хорижий мамлакатлар, хусусан, Австрия, Беларусь Республикаси, Бельгия, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Ҳиндистон, Италия, Испания, Хитой, Канада, Жанубий Корея, Литва, Россия Федерацияси, Руминия, АҚШ, Словакия, Туркия, Украина, Франция, Финляндия, Чехия, Швеция, Швейцария, Япония каби давлатларнинг ҳамда Атом энергияси бўйича халқаро агентлигининг (МАГАТЭ) қонунчилик бўйича кенг халқаро тажрибаси ўрганилди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 5 март куни ушбу Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган.

Жорий йилнинг 13 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида мазкур Қонун лойиҳасини моддама - модда кўриб чиқиш жараёнида айрим меъёрларни кучайтириш, давлат бошқаруви органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ваколатларини янада аниқлаштириш юзасидан тавсиялар берилган эди. Лойиҳада тўғридан–тўғри таъсир меъёрларини белгилаш мақсадида, махсус Ишчи гуруҳ таркиби шакллантирилиб, депутатлар томонидан берилган тавсиялар асосида Қонун лойиҳаси қайта ишлаб чиқилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг