Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзмиллийбанк» кўмагида Россиядан бешта электровоз олиб келинади

«Ўзмиллийбанк» кўмагида Россиядан бешта электровоз олиб келинади

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки АЖ «ВЭБ.РФ» давлат корпорацияси билан 14.3 миллион евролик кредит линиясини очиш бўйича шартнома имзолади. Ушбу шартномага кўра «Новочеркасский электровозостроительный завод» МЧЖ томонидан тайёрланган бешта магистрал юк электровозлари «Ўзбекистон темир йўллари» ихтиёрига олиб келинади.

Аввалроқ, жорий йилнинг 23-24 апрел кунлари бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Банклараро ассоциацияси конференцияси доирасида «ВЕБ.РФ» корпорацияси раиси И.И. Шувалов билан музокаралар бўлиб ўтган эди. Музокаралар давомида Россия томони ҳамкорликдаги лойиҳаларни келгусида молиялаштиришни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилганди.

«ВЕБ.РФ» Ўзбекистон Республикасига Россиядан юқори технологияли ускуналарни етказиб беришни молиялаштириш бўйича қатор сармоявий лойиҳаларни амалга оширишда Ўзмиллийбанкнинг стратегик ҳамкори ҳисобланади.

«ВЕБ.РФ» билан тузилган шартноманинг рақобатбардош афзаллиги шундаки, Россия Федерацияси томонидан фоиз ставкаларини субсидиялаш механизмини қўллаш орқали кредитни жуда жозибали фоиз ставкалари бўйича жалб қилиш мумкин.

Ҳамкорлик доирасида бугунга қадар умумий қиймати 188 миллион еврога тенг 4 та кредит битими тузилди ва гидроэнергетика, иссиқлик энергетикаси ва транспорт соҳасидаги лойиҳалар молиялаштирилди.

«ВЕБ.РФ» давлат ривожланиш корпорацияси 1922 йилда ташкил этилган бўлиб, Россияда 51 миллиард долларлик активларга эга энг йирик ривожланиш институти ҳисобланади. Корпорация ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга ошириш, Россия иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш ва иқтисодиётни инновациялар асосида модернизация қилишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг