Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аҳоли сони бўйича дунёда 8-ўринда турган давлат Ўзбекистонга зиёрат туризмини йўлга қўймоқчи

Аҳоли сони бўйича дунёда 8-ўринда турган давлат Ўзбекистонга зиёрат туризмини йўлга қўймоқчи

Фото: Xabar.uz

9-11 сентябрь кунлари Бангладеш Халқ Республикаси савдо вазири жаноб Типу Мунши раҳбарлигидаги делегация мамлакатимизда бўлади. Шу муносабат билан ушбу мамлакатнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Мосуд Маннан билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Элчи журналистларга делегация ташрифидан кўзланган мақсад ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, делегация аъзолари Бангладешнинг бизнес, туризм, текстиль, музлатиган денгиз маҳсулотлари, терига ишлов бериш, фармацевтика йўналишларида эришган ютуқлари тақдимотларини ўтказиб, дастурий маҳсулотлар бўйича ҳамкорлик имкониятларини батафсил ўрганишни мақсад қилган.

Савдо вазири жаноб Типу Мунши Ўзбекистонга бангладешликларнинг зиёрат туризмини йўлга қўйиш ва ўз навбатида, ўзбекистонликлар учун Бангладешга экологик саёҳатларни ташкил қилиш юзасидан музокаралар олиб бормоқчи. Бу борада келишувларга эришиш учун у Ўзбекистон савдо-саноат палатаси билан ўтказиладиган давра суҳбати ва Ўзбекистон текстиль анжумани очилиш маросимида қатнашади. Шунингдек, юқори мартабали меҳмон Самарқанднинг тарихий зиёратгоҳларида ҳам бўлади.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, 1971 йилнинг 26 мартида давлат мустақиллигини эълон қилган Бангладеш аҳоли сони бўйича дунёда саккизинчи, ҳудудининг катталиги бўйича 92 ўринда туради. Шунингдек, Халқаро савдо ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида кийим-кечак ишлаб чиқариш бўйича тўртинчи ўринни забт этган. Мамлакат иқтисодининг ўсишида таниқли иқтисодчи Муҳаммад Юнуснинг хизматлари катта. У Бангладешда ўзига хос микрокредитлаш тизимини муваффақиятли жорий қилган. Бу хизматлари учун 2006 йили Муҳаммад Юнус Нобель мукофотига сазовор бўлган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг