Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Агробанк» янги инновацион тадқиқотларни молиялаштиради

«Агробанк» янги инновацион тадқиқотларни молиялаштиради

2021 йил 20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Агробанк» акциядорлик тижорат банки ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ушбу меморандумда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 июлдаги «Республикада ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 6262-сонли фармонига асосан ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти ва соҳадаги изланувчиларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида янги инновацион тадқиқотларни амалиётга жорий қилганлик учун 10 млрд сўм миқдорида грант ажратиш назарда тутилади.

Мазкур тадбир муносабати билан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ҳам ўтказилди.

Анжуманда вазирлик ва банк масъул ходимлари, журналистлар, блогерлар ҳамда соҳа мутахассислари, олимлар иштирок этишди.

Меморандум доирасида «Агробанк» АТБ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти ва соҳадаги илмий изланувчиларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш ишларига қаратилган лойиҳаларга грант маблағи ажратишда ўзаро ҳамкорлик фаолиятини амалга оширади ва ҳамкорликда янги истиқболли илмий-инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш мақсадида ўзаро ҳамкорлик қилади.

Илмий-тадқиқот ишларига оид лойиҳаларни шакллантиришда қуйидаги жиҳатлар инобатга олинади:

  • Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти ва соҳадаги изланувчиларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун янги инновацион тадқиқотларни амалиётга жорий этишга қаратилган илмий лойиҳаларни шакллантиришда зарур бўлган янги ишланмаларни яратиш, янги ғояларни рағбатлантириш;
  • яратиладиган ишланманинг фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мос бўлиши;
  • республика ҳудудларида соҳага оид аниқ муаммоларни илмий асосда ҳал этишга қаратилганлиги;
  • лойиҳа натижасида якуний маҳсулотни (янги ишланмани) яратилиши асосланганлиги;
  • ишланманинг рақобатбардошлилиги;
  • лойиҳанинг натижадорлиги (маҳсулот ёки такомиллаштирилган технология);
  • ҳамкорликдаги илмий-тадқиқот ишлари йўналишлари бўйича янги илмий ишланмалар ва технологияларни республика иқтисодиёт тармоқларига жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
  • Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштиришга тавсия этилган илмий лойиҳалар (портфел)ни молиялаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 июлдаги ПФ-6262-сон Фармони талабларини бажариш.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олдилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг