Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

1000 сўмлик муомаладан чиқариладими?

1000 сўмлик муомаладан чиқариладими?

Фото: Xabar.uz

Марказий банкнинг Нақд пул муомаласи департаменти директори Фазлиддин Бозоров ижтимоий тармоқлар ва бошқа расмий алоқа каналлари орқали келиб тушган саволларга жавоб берди.

Мутахассис ҳозирда 1000 сўмлик қоғоз пуллар жуда эскириб кетгани ва шу эскирган пулларни топиш ҳам муаммо бўлаётгани, яқин муддатда 1000 сўмликни муомаладан чиқариш кутиляптими-йўқми – шу ҳақдаги саволга жавоб қайтарди.

– Биласиз, 1000 сўм номинал қийматдаги банкнот 2001 йилда муомалага чиқарилган ва уларнинг аксарият қисми узоқ вақт давомида муомалада бўлганлиги сабабли хақиқатда уриниб қолганлигини кузатиш мумкин.

Бунинг асосий сабабини ушбу пулларнинг бошқа йирикроқ номиналдаги банкнотларга нисбатан кўпроқ муомала жараёнига кириши, яъни қўлдан-қўлга ўтиши фаол бўлганлиги сабабли тез эскириши ҳамда шу ҳолатда, банкларга келиб тушмасдан аҳоли қўлида узоқ муддат қолиб кетиши билан изоҳлаш мумкин.

Бу қийматдаги банкнотлар ҳозирда ҳам босиб чиқарилмоқда ва талабдан келиб чиққан ҳолда муомалага киритиб борилмоқда.

Бироқ бугунги кунда банкнотлар муомалага асосан банкоматлар орқали чиқарилаётганлиги ва банкоматлардан асосан йирик номиналдаги банкнотлар жойлаштирилиши сабабли 1000 сўмлик банкнотлар муомаладан камайиб бораётганлиги ҳақиқат. Бу табиий жараён бўлиб, худди товарларга ўхшаб талаб камайса, банкнотлар ҳам муомаладан камайиб боради.

«Банкоматларга 1000 сўмлик ҳам жойлаштирилса бўлмайдими?» деган савол туғилиши табиий.

Бўлади. Лекин банкнотлар сиғими чекланганлиги сабабли уларни бир марталик тўлдириш орқали имкон қадар кўпроқ аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиши, яъни жойлаштирилган пул тез тугаб қолмаслиги учун кўпроқ йирик қийматдаги банкнотлардан фойдаланилади.

Нақд пулларни бевосита банк кассаларидан олганда зарур ҳолларда бир қисмини 1000 сўмлик банкнотлар сифатида олиниши мақсадга мувофиқ.

Таъкидлаш лозимки, Марказий банк доимий тарзда муомаладаги нақд пулларнинг қаторини оптималлаштириш, эскирганларини муомаладан қайтариб олиш ва уларнинг ўрнига янги банкнот ва тангаларни муомалага киритиб бориш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда. Яқин орада 1000 сўмлик номиналдаги банкнотларни муомаладан чиқарилиши кўзда тутилмаган, – деди Фазлиддин Бозоров.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг