Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

10 йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистон ва Малайзия савдо қўмитаси тикланиши мумкин

10 йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистон ва Малайзия савдо қўмитаси тикланиши мумкин

Делегация раҳбарлари – Дилшод Аҳадов ва Дато Амрон Муҳаммад Зин.

Фото: Малайзиянинг Тошкентдаги элчихонаси

12 сентябрь куни Тошкентда Ўзбекистон ва Малайзия ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг тўртинчи раунди бўлиб ўтди. Делегацияларга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Аҳадов ва Малайзия ташқи ишлар вазирлигининг икки томонлар муносабатлар бўйича бош котиби ўринбосари Дато Амрон Муҳаммад Зин раҳбарлик қилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, маслаҳатлашувлар чоғи сиёсат, савдо-иқтисодиёт, маданият, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ҳолати муҳокама этилди. Хусусан, машваратда 10 йиллик танаффусдан кейин Савдо бўйича қўшма қўмита йиғилишини қайта тиклаш масаласи кўтарилди. Савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган қўшма қўмитанинг сўнгги йиғилиши 2009 йил 20 октябрда Тошкентда ўтказилган эди.

Қайд этилишича, икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 2018 йилда 78 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 20 фоизга ўсган. Аммо, музокараларда қайд этилганидек, ўзаро савдо айланмасини кўпайтириш борасида фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд.

Маслаҳатлашув доирасида икки томонлама сармоявий ҳамкорлик ва туристик алмашинувлар, маданий-гуманитар ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама этилди.

Ўзаро сиёсий робиталарни янада ривожлантиришда турли даражадаги ташрифлар ва парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Малайзия Ўзбекистон мустақиллигини 1992 йил 1 январь куни тан олган. 1992 йил 21 февралда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилган.

Биринчи президент Ислом  Каримовнинг 1992 йилги ва Малайзия бош вазири Маҳатҳир Муҳаммаднинг 1993 йилги ташрифи чоғи икки томонлама дўстона ҳамкорликнинг тамал тоши қўйилган.

Маълумотларга қараганда, юртимизда нефть-газ, тўқимачилик, мебелсозлик, электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш, молия хизмати каби соҳаларда Малайзия сармояси иштирокида 14 та корхона фаолият юритмоқда.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг