Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нега «зарарли  иш»дагиларга сут беришган? (Инфографика)

Нега «зарарли  иш»дагиларга сут беришган? (Инфографика)

Фото: «Etcetera.media»

Кимларнинг назарида сут — каттаю кичик учун фойдали, яна бир тоифа инсонлар эса уни фақат болаларга бериш мумкин деб ҳисоблашади. Хўш, сут чиндан ҳам фойдалими?

Оқсиллар ва калций

Сут таркибидаги оқсил организм томонидан яхши ўзлаштирилади, у иммунитетни мустаҳкамлайди, қон ҳосил бўлиш жараёнини яхшилайди, мушакларни ўстиришда ёрдами катта.

Сут оқсили спорт озиқлари тайёрлашда ишлатиладиган протеиндан асло қолишмаслиги тадқиқотларда аниқланган. Шунинг учун ҳам тренажёрдаги машқлардан олдин ичилган бир стакан сут мушаклар массасини оширишда махсус протеинли коктейллар билан бир хил кучга эга.

Барча сут маҳсулотлари — калций манбаи. Айниқса, пишлоқ калцийга бой, бироқ пишлоқда ёғ ҳам кўплиги инобатга олинса, кимда-ким ортиқча вазн ёки қандли диабетдан азият чекаётган бўлса, сут ёки қатиқни танлагани маъқул. Энг асосийси, сут таркибидаги калций органик шаклда (калций лактати) бўлгани учун, бу микроэлемент организм томонидан нисбатан тўлиқроқ ўзлаштирилади.

Бир киши учун бир кунга етарли калцийнинг 80 фоизи уч порция сут маҳсулотида мавжуд.

Заҳарларга қарши восита

Саломатлик учун зарарли ишларда фаолият кўрсатадиган ходимларга нега сут беришган? Гап шундаки, сут организмдаги оғир металлар тузларини чиқариб юбориб, радиологик юкни камайтиради. Масалан, рентгенга суратга тушгандан кейин бир стакан сут ичиб юборган маъқул. Катта шаҳарлар ёки экологияси ёмон ҳудудларда яшовчилар учун ҳам сут маҳсулотлари жуда фойдали.

Бироқ овқатдан заҳарланишни сут билан даволашга уриниш ярамайди — бу ҳолатда у фақат зарар келтиради.

Катталарга ва болаларга

Сут таркибидаги қанд моддаси (лактоза) бўлиниши учун лактаза ферменти зарур. Ёш ўтиши билан организм бу ферментни ишлаб чиқара олмай қолиши ҳам мумкин. Бундай ҳолларда истеъмол қилинган сут ошқозонда зўриқиш, диарея каби ҳолатларга сабаб бўлади. Аммо бу ҳолат сайёрамиздаги инсонларнинг тенг ярмида кузатилади. Агар сиз бу тоифага мансуб бўлмасангиз, ёшингиздан қатъи назар бемалол сут ичсангиз бўлади.

Ёғлими — ёғсиз?

Ҳатто ортиқча вазн сизни безовта қилган тақдирда ҳам, ёғсизлантирилган сут ичмаганингиз маъқул. Негаки, сут таркибидаги А ва D витаминлари ёғлар билан бирга яхши ўзлашади. Бундан ташқари, сут таркибидаги ёғлар бошқа ёғларга нисбатан тез ҳазм бўлади, шундай экан, сут ичиб семириб кетаман деган хавотирга борманг.

Эчки сути

Витаминларга бойлиги жиҳатидан эчки сути сигир сути билан деярли бир хил. Эчки сутининг битта афзаллиги бор — организм осон ўзлаштиради, шу боис овқат ҳазм қилишда муаммоси бор кишилар ҳам уни қўрқмасдан ичишса бўлади.

Инфографика: «Xabar.uz»

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг