Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дунёдаги энг қимматбаҳо суюқликлар: уларни сиз ҳам ишлатасиз (фото)

Дунёдаги энг қимматбаҳо суюқликлар: уларни сиз ҳам ишлатасиз (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Қуйида энг қимматбаҳо суюқликларга тўхталамиз. Уларнинг айримларини деярли кунора ишлатамиз, баъзиларини етти ухлаб тушимизда ҳам кўрмаганмиз. Лекин қимматнинг ҳам қиммати бор: солиштирамиз.

Суюқ қоғоз. Бир литри — 40 доллар

Суюқ қоғоз — корректор, штрих каби номлар остида бизга таниш. Хатоларимизни «яшириш»да ишлатамиз. Бу суюқлик эрувчан нефть, минерал спиртлар ва турфа химикатлардан ташкил топган.

Пенициллин. Бир литри — 57 доллар

Пенициллин — турли инфекцияларга қарши курашишда ишлатилувчи энг оммалашган антибиотиклардан бири.

Пачули ёғи. Бир литри — 150 доллар

Пачули ўсимлиги баргларидан олинувчи бу ёғ қадимдан тиббиётда қўлланган. Бугун эса парфюмерия, ароматерапия, косметология соҳаларининг ажралмас бўлагига айланган.

Инсон қони. Бир литри — 400 доллар

Катта ёшли инсонда ўртача 5 литр қон бўлади. Қонсиз — ҳаёт йўқ. Нархи баландлиги ҳам шундан.

Тирноқ локи. Бир литри — 550 доллар

Жаҳон бозоридаги энг сифатли ва ёрқин локлар ишлаб чиқарувчи «Essie» компанияси ўз маҳсулотига ана шундай нарх қўйган.

Принтер учун қора бўёқ. Бир литри — 560 доллар

Принтер ишлаб чиқарувчиларнинг уддабуронлигига шу ерда қойил қолиш керак. Қурилмаси нисбатан унча қиммат эмас, аммо «заправкаси»... Буни принтер ишлатувчилар яхши билишади. Қора рангга келсак, ҳаммаси оддий, у энг кўп сарф бўлади, талабга қараб нархиям баланд.

Симоб. Бир литри — 750 доллар

Симоб — хона ҳароратида суюқ ҳолатда турувчи ягона металл. Қўлланиш соҳалари жуда кўп: оддий термометрлардан тортиб металлургия ва кимё саноатигача.

Инсулин. Бир литри — 4 200 доллар

Инсулин — аслида инсон ошқозон ости бези ишлаб чиқарадиган, глюкоза миқдорини назорат қилувчи ва ёғлар алмашинувида қатнашувчи модда. Диабетга чалинганлар учун у жуда керак бўлгани учун олимлар инсулинни сунъий усулда олишни ўзлаштиришган.

«Chanel № 5» атири. Бир литри — 5 500 доллар

Дунёдаги энг машҳур бу атир 1922 йилдан бери сотилмоқда ва ҳануз унга етадигани йўқ.

Қиличдумларнинг кўк қони. Бир литри — 11 500 доллар

Бу денгиз жониворларининг қонида гемоглобин йўқ, унинг қонига тушган бактериялар бир лаҳзада бир жойга тўпланади. Шунинг учун ҳам кўк қон фармакологияда индикатор сифатида жуда қадрланади. Бугун қўлланилаётган деярли барча медикаментлар қиличдум қони орқали синовдан ўтказилган. Қувонарли жиҳати, жониворларга зиён етмайди, кераклича қони олинган қиличдумлар яна озодликка қўйиб юборилади.

Қирол кобра заҳари. Бир литри — 34 000 доллар

Ўз номи билан ҳам бу дунёдаги энг хавфли илонлардан бири. Бироқ фойдаси катта — заҳари Альцгеймер ва Паркинсон касалликларини, яна айрим руҳий хасталикларни даволашда ишлатилади.

Чаён заҳари. Бир литри — 8 миллион доллар

Мингдан зиёд турлари орасида фақат 25 хил чаён заҳарли экани фанга маълум. Шу митти газандадан қанча ҳам заҳар олиш мумкин?! Нархи қимматлигининг бир сабаби шу. Қолаверса, чаён заҳари таркибидаги оқсил тиббиётда ўта ноёб унсур саналиб, уни сунъий етиштириш деярли имконсиз иш.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг