Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Вазир: «Биз ҳам судда ютқаздик-ку...»

Вазир: «Биз ҳам судда ютқаздик-ку...»

Фото: Адлия вазирлиги

Оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Адлия вазирлигида ўтадиган тадбирларга журналистлар «қуруқ бориб, қуруқ қайтмайди». Бу сафар ҳам айни ҳолат такрорланди.

Бугун вазирликда ўтган очиқ мулоқотда мезбонлар фаолиятига оид «Йил сарҳисоби-2019» тўпламидан ташқари медиасаводхонлик ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг касб этикаси муаммоларига оид иккита рисола ҳадя этилди. Ҳар икки рисола журналист ва блогерлар учун тайёр ҳуқуқий қўлланма. Ташаккур.

Алоҳида қайд этиш керак, савол-жавобларга бой ўтган тадбирнинг асосий қисмида журналист ва блогерларга нисбатан касб этикаси борасида таъна ёки иддао янграмади. Фақат  тадбир тугаб, йўл-йўлакай, тор доирадаги қисқа гурунг пайтидагина  вазир Руслан Давлетов айни мавзуда гап очди. Вазирга бир сайтда чиққан ўзига дахлдор хабар маъқул тушмаган экан. Шуни эслар экан, гаплари «контекстдан юлиб олиниб» эълон қилиниши натижасида маъно бутунлай бузилиб, жамоатчиликда бошқача тасаввур пайдо бўлиши эҳтимолини юзга келтирганини айтиш баробарида билиб-билмай қилинган бундай хатти-ҳаракатлар пировардида журналист судда жавобгар бўлишигача олиб келишини таъкидлади. Албатта, пўписа оҳангида эмас, балки «билиб қўйиш зарар қилмайди» маъносида. Гапига  мисол тариқасида эса вазирлик муассислигидаги «Инсон ва қонун» газетаси яқинда фуқаролик судида ютқазганини келтирди.

Маълумки, газетанинг 2019 йил июнь ойидаги сонларидан бирида «Бобур руҳини безовта қилганлар» сарлавҳали мақола чоп этилганди. Мақола бир томонлама, фактлар бузиб талқин қилинишидан ташқари, унда Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раиси шаъни ва қадр-қимматига дахл қилинган деб ҳисоблаган жамғарма вакиллари таҳририятни судга берганди.

Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди даъвони қисман қаноатлантириб, «Инсон ва қонун» газетаси таҳририятига бир ой муддат ичида раддия чоп этиш ва фонд раҳбаридан расман узр сўраш мажбуриятини юклаганидан хабарингиз бор.

Суд қарори қонуний кучга кирганидан сўнг ижрога қаратилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг