Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда инглиз ҳуқуқи бўйича муҳим конференция ўтказилмоқда

Тошкентда инглиз ҳуқуқи бўйича муҳим конференция ўтказилмоқда

Фото: Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

17—18 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида юристлар, вазирликлар ва идоралар мутахассислари, инглиз ҳуқуқи соҳасидаги миллий ва хорижий экспертлари жам бўлмоқда. Пойтахтимизда «English Law Day in Tashkent» («Тошкентда инглиз ҳуқуқи») халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда. Форум Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад Президентимизнинг «Навоий вилоятини инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, Ўзбекистонда инглиз ҳуқуқини жорий этишнинг долзарб жиҳатларини муҳокама қилиш, инглиз ҳуқуқи соҳасида фаолият юритувчи хорижий юристлар билан тажриба ва фикр алмашишдан иборат.

Биринчи кун «English Law Day in Tashkent» мавзусидаги халқаро конференция форматда бўлиб ўтади. Унда инглиз ҳуқуқидаги сўнгги ўзгаришлар, хусусан, инглиз ҳуқуқини халқаро арбитраж билан қўшилиши ва сингдирилиши бўйича иш юритишда қўллаш масалалари муҳокама қилинди. Тадбир Англия ва Уэльс юристлар жамияти (The Law Society of England and Wales) ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Фото: Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Иккинчи кун Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан «Ўзбекистонда инглиз ҳуқуқи нормаларини жорий этиш истиқболлари» мавзуидаги халқаро конференция форматида ўтказилади. Анжуман иштирокчилари континентал ҳуқуққа эга мамлакатларда инглиз ҳуқуқини жорий этишнинг долзарб масалалари, хусусан бу соҳада хорижий мамлакатлар тажрибаси ва Ўзбекистон истиқболларини муҳокама қиладилар.

Иштирокчиларни ўз ҳудудларида инглиз ҳуқуқидан фойдаланувчи мамлакатлар тажрибаси билан таништириш мақсадида Адлия Лорди Питер Гросс, «Астана» халқаро молия маркази (АХММ) бошқаруви маслаҳатчиси Игорь Рогов, АХММ Суди аппаратининг регистратори ва раҳбари Кристофер Кэмпбелл-Холт, «Norton Rose Fulbright» халқаро юридик фирмасининг катта юристи Саймон Кох каби экспертлар ва ҳуқуқшунослар ҳамда Буюк Британия юридик доира вакиллари жалб қилинган.

Маълумот учун: Қозоғистон, ХХР, БАА, Сингапур ва бошқа мамлакатларда инглиз ҳуқуқидан фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилган. Жорий йилнинг июнь ойида Адлия вазирлиги делегацияси Қозоғистонга ташрифи доирасида «Астана» халқаро молия марказининг инглиз ҳуқуқини тадбиқ этишга доир тажрибасини ўрганди. Ташриф якуни бўйича ушбу тизимни «Навоий» ЭИЗ ҳудудида жорий этиш бўйича таклифлар тайёрланди.

Бундан ташқари, адлия вазири Р. Давлетовнинг 2019 йил 25—28 июнь кунлари Лондон шаҳрига ташрифи доирасида ҳам Буюк Британиянинг тегишли ташкилотлари билан қатор учрашувлар ташкил этилган эди. Уларда Ўзбекистон раҳбарининг республикамиз ҳудудида инглиз ҳуқуқини жорий этишга доир ташаббуси муҳокама қилинган эди.

Британия вакиллари мазкур масалани ўрганишда эксперт ёрдамини кўрсатишга тайёр эканини билдирган. Ўзбекистонда инглиз ҳуқуқини жорий этиш истиқболларини муҳокама қилиш бўйича конференция ташкил этишга келишиб олинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг