Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тиббиёт ходимига тажовуз қилганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилиши мумкин

Тиббиёт ходимига тажовуз қилганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилиши мумкин

2019 йил 29 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан тайёрланган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. Унга кўра ўз хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимига ғайриқонуний равишда тажовуз қилиниши ёки уларга тан жароҳати етказилишини Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан квалификация қилиш ҳамда ушбу ҳаракатларни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолаш таклиф этилмоқда.

Нега?

Кейинги пайтларда беморнинг ўлими ёки соғлиғи ҳолати ёмонлашишида шифокорни (айниқса, «Тез ёрдам» шифокорларини) айблаш, ҳатто уларга тажовуз қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Руслан Муҳаммадиев

— Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, амалдаги жиноят қонунчилигида хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш, уларга бу жараёнда тан жароҳати етказиш учун жавобгарлик чоралари нисбатан енгил ҳисобланади, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги юридик бўлим бошлиғи Руслан Муҳаммадиев. — Оқибатда хизмат вазифасини ўтаб турган тиббиёт ходимларининг соғлиғига ҳаттоки тиклаб бўлмайдиган жароҳат етказган айбдор шахслар айрим ҳолларда вазиятдан осон қутулиб кетишмоқда. Бу эса тиббиёт ходимларида ўзларига нисбатан қилинган тажовузлардан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этишдан ҳеч қандай наф йўқ, деган тушунча пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Кузатувлар бундай ғайриқонуний тажовузга учраган шифокорларнинг бештадан фақат биттасигина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этаётганини кўрсатмоқда.

Ўтган йил 3 август куни Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида фуқаро М.М. тез тиббий ёрдам ходимлари кеч етиб келгани, улар келгунга қадар бобоси вафот этганини айтиб, шифокор Ш.Сирожиддиновга ўртача оғир даражадаги тан жароҳати етказгани кўпчиликка маълум. Ваҳоланки, айни ҳолатда шифокор беморнинг яшаш манзилига 10 дақиқа ичида етиб борган, бунгача нуроний вафот этган бўлган эди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Олтиариқ туман судининг ҳукмига кўра, судланувчи М.М. Жиноят кодексининг 105-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 2 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, лекин жазо шартли ҳисобланиб, 1 йил синов муддати белгиланган. Мазкур шахсга нисбатан дастлабки тергов жараёнида муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат эҳтиёт чораси қўлланилган. Оддийроқ айтганда, ҳеч қандай айби бўлмаган, беморга ёрдам бериш истагида ўз вақтида етиб келган шифокорнинг соғлиғига тиклаб бўлмайдиган жароҳат етказган шахс амалда ҳеч қандай жазо ўтамаган.

Бу ерда эътиборли жиҳат нимада?

Дейлик, ўз хизмат вазифасини бажараётган, тегишли жисмоний ва махсус тайёргарликдан ўтган ҳамда ёнида ўқотар қуроли ҳам бўлган ички ишлар ходимига муштумзўрлик қилинса, бу безорилик деб баҳоланади ва айбдорга нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади. Лекин у каби халққа хизмат қилаётган оддий шифокорга нисбатан тажовуз қилиб, жароҳат етказган шахслар эса ўта енгилроқ жазо билан қутулиб кетаверади.

— Жамиятимизда кўпайиб кетаётган бундай иллатнинг олдини олишнинг энг самарали йўли — шифокорга қилинган асоссиз тажовузларга нисбатан жавобгарликни кучайтиришдир, бундай ҳаракатларни безорилик сифатида квалификация қилиш лозим, — дейди Руслан Муҳаммадиев. — Сабаби Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 9-сонли «Безориликка оид ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида»ги қарорининг 13-бандига мувофиқ, башарти, шахс ўз хатти-ҳаракатлари билан айни вақтда жамоат тартибини бузаётганлигини ва жамиятга нисбатан очиқдан-очиқ ҳурматсизлик қилаётганлигини ҳам яққол англаган бўлса, қилмиш безорилик сифатида квалификация қилиниши лозим.

Шу мақсадда, Жиноят кодексининг безорилик учун жавобгарликни кўзда тутувчи 277-моддаси учинчи қисмига қўшимча банд (жиноятнинг ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан содир этилиши) киритиш таклиф этилмоқда. Ушбу бандда назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор, деб топилганлар уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин бўлади. Бу меъёр ўз ўрнида катта профилактик таъсир кучини кўрсатади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг