Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тиббиёт соҳасидаги ҳар тўртинчи жиноят — коррупцияга оид

Тиббиёт соҳасидаги ҳар тўртинчи жиноят — коррупцияга оид

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтяпти. Тадбирда қатнашаётган «Xabar.uz» мухбирининг маълум қилишича, йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги коррупция ҳолатлари ҳамда уларни келтириб чиқараётган шарт-шароитлар муҳокама қилиняпти.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасига 2018 йилда — 9 трлн. 300 млрд. сўм, 2019 йилда — 12 трлн. 100 млрд. сўм ажратилган. 2020 йилда соҳага ажратилаётган маблағ яна 23 фоизга кўпайтирилиши, яъни қўшимча 2 трлн. 800 млрд. сўм ажратилиши режалаштирилган.

Йиғилишда таъкидланишича, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган шунча эътиборга қарамай, соғлиқни сақлаш соҳасида жиддий муаммолар, камчилик ва нуқсонлар ҳамон сақланиб қолмоқда. Тамагирлик ва суиистеъмолчилик, тизимнинг барча бўғинларида коррупциянинг кенг илдиз отгани хавотирлидир.

Мисол учун, сўнгги икки йилда тизимдаги 581 нафар ходим турли жиноятларни содир қилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган. Шулардан 114 нафари ёки ҳар тўртинчиси (!) содир этган қилмиш коррупциявий жиноят ҳисобланади.

Бу даврда 115 нафар тиббиёт ходими бепарволик ва эътиборсизликка йўл қўйиб, шифокор деган улуғ номга доғ туширгани учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ходимлар 50 та ҳолатда беморга ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатмаган, 24 та ҳолатда даволаш ишларини нотўғри олиб борган, 13 та ҳолатда жарроҳлик операциясини ўтказмаган ёки нотўғри ўтказган, 7 та ҳолатда касалликни барвақт аниқлаш чорасини кўрмаган.

Энг ачинарлиси, бундай қилмишлар оқибатида 27 нафар фуқаро оғир ва ўта оғир тан жароҳати олган. Жавобгарликка тортилган ходимларнинг 3 нафари вазирлик ва ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида, 49 нафари вилоят ҳамда 529 нафари туман-шаҳар миқёсидаги муассасаларда фаолият олиб борган.

Жиноий жавобгарликка тортилганлар, асосан, Фарғона (91 нафар), Андижон (80), Самарқанд (77), Наманган (44), Қашқадарё (33), Сурхондарё (32) ва Хоразм (32) вилоятларига тўғри   келади.

Коррупция иллати ходимни ишга қабул қилишдан бошлаб, молия-хўжалик фаолиятини юритиш, тиббий хизмат кўрсатиш, дори-дармон таъминоти каби   йўналишларни   қамраб   олгани айтилган.

Коррупцияга қарши йиғилиш давом этмоқда, тафсилотларни «Xabar.uz»да кузатиб боринг!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг