Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тармоқларда тарқалган хабарга Бош прокуратура изоҳ берди

Тармоқларда тарқалган хабарга Бош прокуратура изоҳ берди

Фото: «Xabar.uz»

Телеграм тармоғида чироқчилик М.Б.нинг (аёл, 1997 й.т.) ўлими билан боғлиқ хабарлар тарқалди. Марҳуманинг яқинлари аёл ўлимига эрининг яқин қариндоши сабабчи экани, бироқ айбдор жазода қутулиб қолганини иддао қилиб, қатор важлар келтиради.

«Xabar.uz» сўровига биноан Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбарининг маълум қилишича, шу йилнинг 15 май куни Чироқчида 1997 йилда туғилган М.Б (аёл) яшаш хонадони ҳаммомининг ёғоч шифтига рўмолдан сиртмоқ ясаб, ўзини осиб жонига қасд қилган. Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, М.Б.нинг ўлими бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан қисилиши натижасида механик асфикциядан келиб чиққанлиги, танасида тан жароҳатлари мавжуд эмаслиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чироқчи туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 103-моддаси 1-қисми (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Туман прокуратураси томонидан ўтказилган тергов натижасига кўра, жиноят ишини ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Қабул қилинган қарор ва жиноят иши ҳужжати ҳужжатлари Бош прокуратура томонидан назорат тартибида ўрганилиб, иш ҳолатлари тўлиқ текширилмасдан барвақт қабул қилинганлиги сабабли бекор қилинган. Ўтказилган қўшимча тергов натижасига кўра қабул қилинган кейинги қарор ҳам Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан бекор қилинди, бу шикоят муаллифининг важларини ҳар томонлама, холис ва объектив текширишга қаратилган яна бир чорадир. Айни пайтда жиноят иши туман прокуратурасидан вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлимига ўтказилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари алоҳида қайд этдики, ўлим билан боғлиқ ҳар қандай ҳолат жиддий тарзда ўрганилади, текширилади. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Яқинда йигирма йиллаб очилмаган жиноят (қотиллик!) фош этилгани ёки аввалига ўта оғир бўлмаган қилмишдек кўринган қилмиш охир-оқибат қотиллик бўлиб чиққани каби ҳолатлар ўлим билан боғлиқ ишлар алоҳида назоратда эканини яққол кўрсатади.

Чироқчилик аёлнинг ўлими билан боғлиқ ҳолат жиддий ўрганилаётган бир пайтда марҳума яқинларининг улар гумонидаги шахс ўз уйини сотишини «бу оддий тасодиф эмас, кимларнингдир оғзини мойлашга пул керак бўлганидан дарак» дея талқин этилиши, бундай ўта-ўта юзаки тахминлар ижтимоий тармоқларда жиддий асос сифатида тақдим этилаётганини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди.

Пировардида, маҳкама матбуот хизмати ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ёзилаётган ҳар бир сўзга масъулият билан ёндошишга чақириб, ёлғон маълумот тарқатганлик учун қонунчиликда тегишли жавобгарлик мавжудлигини эслатади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг