Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Светлана Ортиқова: «Xabar.uz»га йўқ деб бўлмайди...»

Светлана Ортиқова: «Xabar.uz»га йўқ деб бўлмайди...»

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Бугун Бош прокурор ўринбосари — Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши кураш бўйича идоралараро комиссиясининг янги раҳбари Светлана Ортиқова раислигида мазкур комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар бергандик.

Йиғилишнинг оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашиши мумкин бўлган қисми ниҳоясига етиб, С.Ортиқова журналистларни Янги йил билан табриклаган ҳолда «хуш кўрдик» қилаётган пайт «Xabar.uz» махсус мухбири савол беришга изн сўради. Гарчи бугунги тадбир матбуот конференцияси эмас, балки идоралараро комиссия йиғлиши экани, унда оммавий ахборот воситалари ҳурмат юзасидан истисно тариқасида таклиф этилиб, савол-жавобнинг ўрни бўлмаса-да, Светлана Боймирзаевна (катта раҳмат) ходимимизнинг раъини қайтармади: «Марҳамат, «Xabar.uz»га йўқ деб бўлмайди...».

Савол андоқ эди: кейинги бир-икки йил ичида қатор давлат амалдорлари жиноий жавобгарликка тортилди, уларга қўйилган айбловлар орасида Жиноят кодексининг 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ҳам бор. Уларга оид жиноят ишлари махфийлик нуқтаи назаридан ёпиқ суд мажлисларида кўриб чиқилган бўлса-да, қандай жазоларга мустаҳиқ этилгани оммага ошкор қилинди. Шундай экан, жиноий жавобгарликка тортилган собиқ мансабдорлар ноқонуний равишда қанча даромад орттиргани ва уларга қандай шаклда қонуний тус берганига оид ахборотларни ҳам оммага ошкор қилиш мумкинмасми?

Бош прокурор ўринбосари аввалига оғир тин олди. Сўнг оғриқ билан қуйидаги мазмунда жавоб берди: «Масъул мансабдорларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши нафақат ўша амалдор ёки унинг яқинлари, балки мамлакатга ҳам обрў олиб келтирмайди. Афсуски, шундай аччиқ тажрибани бошдан ўтказдик, ўтказяпмиз... Рақамлардан, рости, ақл шошади. Бироқ собиқ амалдорларга оид жиноят ишларида давлат сирларига дохил ўринлар борлиги сабаб, судлар ёпиқ тарзда ўтказилди. Шундан келиб чиқилса, жиноят ишларига оид тафсилот ва маълумотларни ҳозирча ошкор қилиб бўлмайди. Балки, кун келиб, ошкор қилинар?! Ҳозирча йўқ. Ва бу қонунга зид эмас».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг