Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Светлана Ортиқова «Xabar.uz» журналистига: «Саволни ҳозир беринг...»

Светлана Ортиқова «Xabar.uz» журналистига: «Саволни ҳозир беринг...»

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Кеча Бош прокуратура Академиясида маҳкама раҳбари ўринбосари Светлана Ортиқова қийноқлар, уларнинг олдини олиш, бу борада амалга оширилаётган ишлар мавзуида брифинг ўтказганидан хабарингиз бор. Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) иштирок этган мазкур тадбир хусусидаги аввалиги хабарларда қайд этилганидек, қийноқлар барҳам топиши ўрнига, аксинча, кейинги пайтларда бироз кўпайган ҳатто.

Светлана Боймирзаевнага кўра, қийноққа солиш ҳолатларининг (кейинги уч йилда) 80 фоизи ички ишлар органларида (33та) юз берган: қолган 20 фоизи ДХХ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ходимлари ҳиссасига тўғри келади. Яна бир кутилмаган ҳолатки, Мажбурий ижро бюросининг 1 нафар ходими ҳам фуқарони қийноққа солгани учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Тадбир баҳс-мунозара ва савол-жавобларга анча бой ўтди. Баҳс-у мунозаралар яна-да қизғин (ва узоқроқ) кечиши мумкин эди, бироқ С.Ортиқовани ялонғоч қўл билан «тутиб бўлмаслиги» бунга кўпам йўл қўймади. Шунингдек, опанинг айни маҳорати мухбирларнинг саволларидан «бурчакка қадалаётган» бошқа мутасаддилар жонига оро киритганини ҳам айтиш шарт.

Хуллас, тадбирга ажратилган вақт бир зумда ўтиб (ОАВ ходимлари наздида, албатта), С.Ортиқова «...ҳаммага раҳмат» дейишга чоғланар экан, савол беришга улгурмаган журналистларнинг қўлини ҳавода муаллақ қолдиргиси келмай, уч нафар мухбирга (савол беришга) изн бериш имкониятини ҳавола этди: фақат қисқа ва лўнда бўлсин!

Икки нафар ҳамкасбимизнинг саволи ва унга берилган жавобларга кутилганидан кўпроқ вақт олди. Шундоғам тадбир учун белгиланган вақт тугаб бўлгани, шунга қармай савол-жавоблар давом этаётганидан айрим иштирокчиларда билинар-билинмас безовталик бошланди. Вазиятдан келиб чиқиб (тадбир тезроқ тугашини сабрсизлик билан кутаётганларга савол ёқармиди?!), «Xabar.uz» мухбири савол бериш фикридан қайтгани, тадбир ҳақида ёзажак хабарига уни (беролмай қолган саволини) тиркаб кетажагини маълум қилди.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Бироқ мухбиримизнинг бу гапига бош прокурор ўринбосарига қўшилмади: «Саволни ҳозир берақолинг, биламиз, кейин нималар деб ёзворишингизни...».

 

Саволлар андоқ эди:

  1. Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиевга: келаётган мурожаатлар, унда кўтарилаётган масалалар залворидан келиб чиқилса, уларнинг қонуний ҳал этишга қўлингиз калталик (яъниким, ваколатингиз торлик) қилмаяптими? Шу маънода «Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга эҳтиёж бор, деб ҳисоблайсизми?
  2. Бош прокурор ўринбосарига: бугун қийноқларга оид анчагина жиноят иши қўзғатилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўнлаб ходимлари жиноий жавобгарликка тортилгани айтилди. Нега шу жиноятлар тафсилотлари оммавий ахборот воситаларида доим ҳам эълон қилинавермайди?

Улуғбек Муҳаммадиев Омбудсман фаолиятини тартибга солувчи қонун янги таҳрирда қабул қилинишига эҳтиёж борлигини айтди. Хусусан, мамлакат раҳбарининг бола ҳуқуқларини муҳофаза қилиш тизимини янаям такомиллаштириш тўғрисидаги қароридан кейин айни эҳтиёж заруриятга айланганини айтиб, янги таҳрирдаги қонунда Омбудсман ва унинг жойлардаги вакилларининг ҳуқуқ ва ваколатлари қайта ва жиддий кўриб чиқилишидан умидвор эканини билдирди.

Светлана Ортиқованинг жавоби қисқа бўлди: «Фикрингизга қўшиламан». Шундай деб ёнида ўтирган Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбарига (Ҳаёт Шамсутдинов) қаради. Ўз навбатида Ҳаёт Шамсутдинов маъноли қимирлаб қўйди...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг