Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Светлана Ортиқова бир қанча мутасаддиларни «ўтқазиб-тургизди»

Светлана Ортиқова бир қанча мутасаддиларни «ўтқазиб-тургизди»

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Шу йилнинг 2-3 ноябрь кунлари Наманган вилоятида ўтказилган оммавий сайёр қабуллар бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова силласи қуришдан ташқари таъби тирриқ бўлиб қайтгани эҳтимоли катта.

Сабаби аниқ: муаммолар кўп, уларга ечим топиш учун маҳаллий раҳбарлар икки карра куч билан ишлаши керак. Жойларда зиммасидаги масъулиятни теран ҳис қилиб ишлаётган мутасаддилар оз эмас, бироқ фаолияти катта-катта савол туғдираётганлари ҳам тез-тез учраб турибди-да. Туман даражасида ҳал қилиниши лозим ва мумкин бўлган муаммолар Тошкентгача етиб келаётганининг ўзи кўп нарсага далолат қилади.

Бош прокуратура матбуот хизмати тарқатган хабардан Светлана Боймирзаевна вилоятнинг тўртта туманида (Чуст, Тўрақўрғон, Чортоқ ва Учқўрғон) ўтган тадбирда жами 100 нафар фуқарони қабул қилгани англашилади. Баланд пардаларда ёзилган мазкур ахборотдаги рақамларга шубҳа қилмаган ҳолда сайёр қабулни кузатган «Xabar.uz» манбасига таянсак, миқдор бунданам кўп бўлиши мумкин эди. Нега десангиз, Бош прокурор ўринбосари мурожаатчилар билан гаплашар экан, шу жараённинг ўзида айрим масъулларни «обориб-олиб келди», айримларини «ўтқазиб-тургизди». Бундан хавотирга тушган баъзи маҳаллий раҳбарлар қабулга келганлар билан четроқда гаплашишга тушиб, масаласини ҳал қилишга ваъда-ю кафолатлар билан опанинг ҳузурига кирмасликка кўндириш ҳолатлари ҳам кузатилди, дея хабар берди манбамиз. Ва қўшимча қилдики, сайёр қабулларга Бош прокурорнинг «девдай-девдай» бошқа ўринбосарларидан кўра кўпроқ «синчалакдек» С.Ортиқова юборилиши бежиз эмасдай: опа муросани билмас, ўрни келса, «тикка ўқир» экан...

...Рақамларни гапиртирсак, қабулларда иш, уй-жой, моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий ҳимоя масалалари, шунингдек, тадбиркорлик ва кредит ажратиш, қурилиш ва коммунал соҳа йўналиши бўйича аввалги қабуллларга қараганда камроқ (14 та) мурожаат тушган. Қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш, маҳаллий ҳокимият ва ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарларидан шикоят қилганлар сони эса оз эмас (23 нафар). Дастлабки тергов ва суриштирув ишлари ва суд қарорларидан норозилар эса жами мурожаатчиларнинг тенг ярмидан кўпроғини (51 нафар) ташкил қилди. Жараёнда мурожаатлардан 17 таси бўйича муаллифларга қонун талаблари тушунтирилган бўлса, 23 таси Бош прокуратура иш юритувига олинди, қолган 60 таси назорат остида Наманган вилояти прокуратураси органлари томонидан кўриб чиқиладиган бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг