Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Солиқ тўламаган фермер «Нексия»сидан ажралди

Солиқ тўламаган фермер «Нексия»сидан ажралди

Фото: «Pikabu»

Айрим солиқ тўловчилар бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга тўланадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида амалга оширмаяпти. Оқибатда катта миқдорда қарздорлик вужудга келмоқда.

Бундай ҳолатларга барҳам бериш мақсадида мажбурий ижро бюроси, агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда давлат солиқ инспекциялари ҳудудий бўлимлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳ жойларда мажбурий ижро ҳаракатларини олиб бормоқда.

Жумладан, Пастдарғом туманида олиб борилган тадбирда 8 миллион 727 минг сўмлик солиқ қарздорлиги мавжуд бўлган «Ҳосил Убайдулло Бобур» фермер хўжалигига ижро ҳужжатининг мазмуни тўлиқ тушунтирилди. Ижро ҳужжати юзасидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг бошқарувида бўлган автомашина реализация қилиш мақсадида хатланди. Бундан ташқари, фермер хўжалигига тегишли тахминий баҳоси 17 миллион сўмлик маккажўхори рўйхатга олинди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан «Алангов Fайратжон АТТ» фермер хўжалигининг 5 миллион 417 минг сўмлик солиқдан қарздорлигини ундиришга киришилди. Фермер хўжалиги бошлиғи ижро ҳужжати билан таништирилгач, хатосини англаб етди. Солиқдан бўлган қарздорлигини тўлиқ бартараф этди.

«Г-Исоқ-Исмат-Сармантепа» фермер хўжалигининг солиқдан қарзи 7 миллион 382 минг сўмни ташкил этади. Суд қарорига асосан қарздорликни ундириш фермер хўжалиги мол-мулкига қаратилган. Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг бошқарувида бўлган «Нексия» автомашинаси хатланиб, жарима майдончасига келтирилди.

Одил Тўхтаев,
мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси бўлим катта инспектори

Манба: zarnews.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг