Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Саҳрода битта бозор – хоҳлаган бозорингга бор»ми?

«Саҳрода битта бозор – хоҳлаган бозорингга бор»ми?

Иллюстратив фото

Зангиоталик Бахтиёр Инаев туманнинг «Тариқ тешар» маҳалласи ҳудудида 3 гектар боғининг бир чеккасига бундан 10 йил олдин 300 дона терак экканди. Деҳқончилик асносида теракларини ҳам парваришлади. 2014 йил ўша ерга ҳокимият қарори билан намунали уйлар қуриладиган бўлди. Табиийки, Бахтиёр Инаев ортиқча муаммо қилмай ерни бўшатди, шу жараёнда 200 га яқин теракни кесиб олди. Қолган 100 дан ортиқ терак қурилиш ишларига ҳам, янги тушадиган уйларга ҳам халақит бермагани боис уларга арра солмади.

Бахтиёр Инаев бу теракларни иморат қилса, яхши кунларига ишлатишни ният қилганди. Хонадонида уч ўғил вояга етяпти-да.

Аммо 2019 йил 8 октябр куни Бахтиёр аканинг турмуш ўртоғи М.Инаева нариги маҳалладаги тераклари «ғойиб бўлганини» айтиб келади. Бахтиёр ака бу гапга бир ишониб, бир ишонмай, «боғ»ига келади ва... не кўз билан кўрсаки, теракларини кимдир кесиб кетибди!

Суриштириш ишларидан маълум бўлишича, теракларни мана шу намунали уйларга кўчиб келган Ш. Қ. исмли йигит кестириб, одамларга бериб юборибди. Ш. Қ. бу қилмишини шундай изоҳлайди: «Шамол бўлганда тераклар қийшайиб, томимга зарар етказмаслиги (ваҳоланки, тераклар унинг хонадони ёнидан ўтган катта йўлнинг нариги томонида (!) экилган)  ва  ўша томондан ҳовлимга бетон ариқ олиб келиш мақсадида теракларни кестирдим ва ўзимга нотаниш бўлган шахсларга даракладим, 2019 йил 4-5 октябрь куни ўзлари келиб кестириб олиб кетишди». Гапдаги мантиқсизликни тушуниб турибсиз-а? Йўлнинг нариги юзидаги теракларнинг унинг хонадонига зарар еткизиш эҳтимоли бормиш. О-ла, демасликнинг илоржи йўқ. Хўп, бу гапга ишондик ҳам дейлик. Нега бировнинг теракларини бошқа бировларга айтиб, кестирворасан? Ўзингники бўлса, бошқа гап эди... Наҳотки, Ш.Қ.ни 108 та терак бу ерга шунчаки келиб қолмаганлиги, унинг албатта эгаси бўлиши мумкинлиги қизиқтирмаган бўлса?

Хуллас, Бахтиёр Инаев Ш.Қ.га талаб қўяди: ё теракларни жойига қўйинг ёки пулини беринг... Жавоб қандай бўлди, денг:  «Бир ярим миллион ойлигимдан кечаман, қолганини эҳсон қилиб юбора қолинг...».  Ҳолбуки, бозорда бундай теракларнинг ҳар бири 300 мингдан сотилмоқда.

Шундан сўнг ушбу масала маҳалла иштирокида кўриб чиқилади. Аммо томонлар келиша олмайди.

Масала органга ўтгач, Зангиота тумани ИИБ суриштирувчиси, катта лейтенант А.Ходжаев Ш.Қ.нинг ҳаракатларидан жиноят аломатларини топмайди, гўё...  Якунда Ш.Қ.да ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли маъмурий жазо қўллаш масаласини ҳал қилиш учун тўпланган ҳужжатлар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Зангиота туман инспекциясига жўнатади. Бўлди, тамом. 

Энди Инспекциянинг жавобини қаранг: масала жойига чиқиб ўрганилганида терак дарахтлари кесилиб, таг қисмидан олиб ташланганлиги сабабли ушбу тераклар диаметрини олишни имкони бўлмабди. Бундан англашиладики, терговга қадар суриштирув кетаётган пайтда теракларни кесиб кетган (ёки уни кесишга «фатво» берган) азаматлар унинг тўнкаларини ҳам ковлаб кетишади. Токи, текширув пайтда етказилган зарарни аниқлаш имкони қолмасин! Мана, вазият улар ўйлагандай бўлиб чиқди. Инспекция ҳам ҳеч нима қилолмади, гўё...

Демак, тераклар кесилиб, ҳатто тўнкалари ҳам ковлаб кетилгани инкор этилаётгани йўқ. Уларни ким ва нима учун кесилгани ҳам аниқ. Бироқ айбдорларни тегишли жазога тортиб, етказилган зарарларни аниқлашнинг имкони йўқ?! Худди эртакка ўхшайди ва... ёдингизга арабларнинг қадим мақоли тушади: саҳрода битта бозор – хоҳлаган бозорингга бор!

Наҳотки, қўшниларнинг далолатномасида кўрсатилган 10 йиллик теракнинг баҳоси ўлчовсиз ҳам тахминий аниқлашнинг имкони бўлмаса? Иккинчидан, Ш.Қнинг маъмурий жавобгарликка тортилишидан Бахтиёр Инаевга нима фойда?

Хўш, 108 та терак эккан ва парваришлаган инсон яна икки қўлини бурнига тиқиб қолаверадими? Бировнинг нарсасини сўрамасдан олиш жавобгарликнинг қайси турига киради?

Шугина саволга зангиоталик ҳуқуқ пешволари гўёки жавоб тополмаётганига нима дейсиз?

Барно

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг