Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Римдаги халқаро ташкилот Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотларга кўмаклашади

Римдаги халқаро ташкилот Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотларга кўмаклашади

Фото: Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов Ривожланиш ҳуқуқи халқаро ташкилотининг Марказий Осиё бўйича директори Фред Хюстон бошчилигидаги ташкилот вакиллари билан учрашди. 

Учрашувда асосий эътибор қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик, ушбу йўналишда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш каби масалаларга қаратилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Давлетов меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотлар берди. 

Хусусан, қонунчилик базасини мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, аҳолига ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш институтларини ривожлантириш соҳасида олиб борилаётган тизимли ва изчил чора-тадбирлар ҳақида айтиб ўтилди.  

Ўз навбатида Хюстон самимий қабул учун миннатдорлик изҳор қилиб, РҲХТ вазирлик билан яқин ҳамкорлик қилишга қизиқиши ва лойиҳаларни амалга ошириш орқали олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотларга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. 

Учрашув чоғида томонлар, шунингдек, суд экспертизаси соҳасидаги фаолиятни такомиллаштиришга доир қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, малакали кадрлар тайёрлаш, бизнес жараёнларни реинжиниринг қилиш (BPR), мунозараларни муқобил ҳал қилиш (ADR) ва адвокатура масалаларини ҳам муҳокама қилишди.

Маълумот учун, РҲХТ штаб-квартираси Римда жойлашган ноҳукумат ташкилоти ҳисобланиб, қонун устуворлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, манфаатдор мамлакатларга ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашиш билан шуғулланади. Ушбу ташкилот ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ва хусусий сектор билан ҳамкорлик қилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги консультатив мавқега эга ташкилотдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг