Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Қўлбола порахўр». Ёки тўққиз йилда чиққан оқлов ҳукми

«Қўлбола порахўр». Ёки тўққиз йилда чиққан оқлов ҳукми

Иллюстратив сурат

2019 йилнинг 10 июль куни жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди кассация инстанциясида Б.Исакуловнинг «иши» кўриб чиқилди.

Судланувчи — собиқ ички ишлар ходими. Охирги иш жойи Навоий шаҳар ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси (ВСҲ) бошлиқлиги эдики, бу лавозимдаги фаолияти бир йилгаям бормади. У 2012 йил март ойида шу лавозимга тайинланган бўлса, 2013 йилнинг мартида пора олиш айби билан жиноий жавобгарликка тортилиб бўлинганди...

Б.Исакулов масъул мансабдор шахс ҳисобланиб, ўз хизмат мавқеидан қасддан фойдаланиб, Навоий шаҳар ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган қатор шахсларга бирон-бир чекловсиз кийим-кечак ва озиқ-овқат киритилишига шароит яратиб, бунинг эвазига пора олганлиги айтилади. Олинган дейилаётган поралар умумий миқдори 400 минг сўм-у 200 АҚШ долларини ташкил этади. Миқдордан келиб чиқилса, судланувчининг туваги тиллодан бўлиб кетмагани аниқ.

Жиноят иши ҳужжатларидан кўринишича, Б.Исакуловнинг зиммасига қўйилган айбловлар фақатгина С.Шоимов, С.Эгамбердиев ва А.Эгамовларнинг кўрсатувлари ҳамда улардан тергов ҳибсхонасида (!) олинган иқрорлик кўрсатувларига асосланган. Яъники, ҳаммаси қуруқ гап, далилий ашё йўқ...

Б.Исакулов айбловни мутлақо инкор этади ва алоҳида қайд этадики, у ҳеч бир асоссиз 2 ой давомида МХХ ходимлари томонидан қамоқда ушлаб турилган, азбаройи мажбурликдан йўқ айбига иқрорлик аризасини ёзиб берган...

Энди гувоҳларни эшитинг.

С.Эгамбердиев кассация инстанцияси судида шундай дейди: «...Мен 2012 йилда Навоий шаҳар 46-сонли ЖИЭКда туркум бошлиғи бўлиб ишладим. Ўша йилнинг ноябрь ойида МХХ ходимлари уйимга келиб, идорасига олиб кетди. Сўнг «Б.Исакуловга 100 АҚШ доллари берганман деб айтасан» деб тазйиқ ўтказишди. Бош тортган эдим «сен Самарқанддансан-а, ҳамма яқин қариндошларингнинг яшаш ва иш жойи тўғрисида маълумот бор, агар айтганимизни қилмасанг яқинларингда катта муаммо бўлади», дейишди... Ноилож ёлғон кўргазма беришга мажбур бўлдим...».

Гувоҳ С.Шоимовдан ҳам худди шундай усулда кўргазма олингани судда ошкор бўлди. Ўша, 2012 йилда С.Шоимовнинг ўғли Навоий шаҳар ИИБ ВСҲда сақланаётган экан. С.Шоимов эса у пайтда Тошкент шаҳрида шифохонада даволанаётган эди. Муолажалари якунига етмай уни Навоий вилоят МХХ идорасига олиб келишиб, касал эканига қарамай, тўрт-беш кун «ушлаб туришади». Руҳий ва жисмоний азоблар натижасида С.Шоимов улар айтгандай кўргазма беришга мажбур бўлади: ўғлим Санжар билан учрашув ташкил қилиб бергани учун ВСҲ бошлиғига пора берганман...

Гувоҳ А.Эгамов кўргазмаси хусусида ҳам гап шу.

Жиноят ишидаги фақатгина иқрорлик кўрсатувларидан ҳамда шубҳа ва гумонлардан иборат ҳолатлар Б.Исакуловни юқорида қайд қилинган жиноятларни содир этганликда айблаш учун асос бўла олмайди, албатта.

Бундай ҳолатда, суднинг ҳукмини қонуний, асосли ва адолатли деб бўлмайди. Баски, суд Б.Исакуловни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми (эски таҳрирдаги) «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этмаган деб топиб, ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан оқлашни лозим топди.

Б.Исакулов реабилитация қилиниши муносабати билан унга мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш масаласида Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 304-312-моддаларида назарда тутилган тартибда даъво талаби билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Шуҳрат Камолов,
Жиноят ишлари бўйича
Навоий вилоят суди раис ўринбосари

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг