Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қиш эшик қоқмоқда: маҳаллий ҳокимликлардаги бемалолчилик ва безовта прокуратура...

Қиш эшик қоқмоқда: маҳаллий ҳокимликлардаги бемалолчилик ва безовта прокуратура...

Фото: «Kuzbassmayak.ru»

Куз-қиш мавсуми учун аллақачон тайёргарлик ишлари бошланиб, бунинг тепасида прокуратура органлари турганини кўпчилик билмас, эҳтимол. Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кўмир етказиб бериш ҳамда захирасини шакллантириш, бу жараёнда қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олишу нарх-наво барқарорлигини сақлашга балогардон — прокуратура, қисқаси.... Ҳозиргача Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида тегишли вазирлик ва идора ходимларидан иборат Идоралараро тезкор штаблар, бу борада юзага келадиган муаммолар юзасидан алоҳида «Ишонч телефон»лари ташкил этилди.

1

Хуллас, бу борада комплекс чора-тадбирлари амалга ошириляпти, бироқ ҳаммаси сип-силлиқ кетяпти дейиш қийин. Буни Бош прокуратура бошқарма прокурори Дилмурод Валижоновнинг асаби таранглигидан ҳам билса бўлади.

Д. Валижоновга кўра, буни кўмир маҳсулотларини аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш аҳволидан ҳам билса бўлади. Куз-қиш мавсуми учун аҳолига етказиб берилиши лозим бўлган 940 минг тонна кўмир маҳсулотларидан 300 минг тоннаси «Ўзбеккўмир» АЖ томонидан 91 та ҳудудий омборларга аллақачон етказилган. Бироқ шундан атиги 10 фоизи (29 минг тонна) аҳолига етказилган, холос.

Рақамларни гапиртирсак. Андижонда омборлардаги 70 697 тонна кўмир маҳсулотларининг 9 фоизи, Наманганда 58 890 тоннадан 2 фоизи, Фарғонада 56 500 тоннадан 5 фоизи, Самарқандда 25 303 тоннадан 29 фоизи, Бухорода 12 192 тоннадан 7 фоизи ва Жиззахда 6 587 тоннадан 17 фоизи, Сурхондарёда 6 441 тоннадан 11 фоизи, Хоразмда 18 842 тоннадан 40 фоизи, Сирдарёда 3 329 тоннадан 51 фоизи ва Қашқадарёда 8 782 тоннадан 1 фоизи аҳолига етказилган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Тошкент вилоятларида аҳолига ҳали бир грамм ҳам етиб бормаган.

Қиш эшик қоқиб турган пайтда эртасини ўйлаган фуқаролар ҳам сал фаолроқ бўлиши керак. Тўғри, уларгаям осонмас, ҳар кимнинг бошида минг бир муаммо. Аммо бугун ҳаракатга тушилмаса, совуқ кунлар келганда «эҳ!» дейишга арзимайди.

2

Ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш режалаштирилган 405,4 минг тонна кўмир маҳсулотларидан 94 фоизи, яъни 370 минг тоннаси «Ўзбеккўмир» АЖнинг ҳудудий омборларига вақтида етказилган. Бироқ бюджет муассасалари томонидан 257 минг тоннаси ёки 74 фоизи олиб кетилган, холос. Хусусан, 40 минг тонна (умумий эҳтиёжга нисбатан 86 фоиз) соғлиқни сақлаш, 45 минг тонна (78 фоиз) мактабгача таълим, 156 минг тонна (73 фоиз) халқ таълими ҳамда 17 минг тонна (53 фоиз) олий ва ўрта махсус таълим муассасалари томонидан қабул қилиб олинган.

3

Муаммо нимада? Турган гап — маблағда. Бунинг чораси ёзнинг чилласидаёқ кўриб қўйилганди, аслида. Яъниким, кўмир маҳсулотларини харид қилиш учун бюджетдан жами 171 млрд. сўм маблағлар июль-октябрь ойларидаёқ график асосида ажратиб берилиши белгиланган. Бундан ташқари, прокуратура аралашуви билан шу ойнинг (октябрь) ўзида маҳаллий бюджетлардан 8,2 млрд. сўм ижтимоий соҳа муассасаларига ажратилиши таъминланди. Бироқ ушбу мақсадлар учун маҳаллий бюджетдан ажратилиши лозим бўлган 143 млрд. сўмдан атиги 43 фоизи (62,2 млрд сўм) молиялаштирилган, холос.

Рақамларни гапиртирайликми? Мана: Андижон вилоятига (график бўйича молиялаштирилиш) белгиланган маблағларнинг 72 фоизи, Фарғонада — 70 фоизи, Сурхондарёда — 67 фоизи, Жиззахда — 63 фоизи, Қашқадарёда — 60 фоизи, Қорақалпоғистон Республикасида — 56 фоизи, Навоийда — 51 фоизи, Тошкент вилоятида — 48 фоизи, Наманганда — 47 фоизи, Сирдарёда — 46 фоизи, Хоразмда — 35 фоизи ва Бухорода — 28 фоизи амалга оширилмаган.

Оқибатда, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 9,7 млрд. сўм (89 фоизи), Халқ таълими вазирлиги томонидан 45,3 млрд. сўм (58 фоиз), Мактабгача таълим вазирлиги томонидан 14,6 млрд. сўм (57 фоиз) ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 3,5 млрд сўм. (19 фоиз) тўловлар амалга оширилмасдан турибди.

4

Бу ёқда шунча тезда ҳал қилиниши лозим бўлган шу-у-унча масала турганда ижтимоий соҳа объектларининг кўмир сақлаш омборларининг кўпи талабга жавоб бермаслигина нима дейсиз?! Мактабгача таълим вазирлигидаги 351 та, Халқ таълими вазирлигидаги 625 та, Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги 259 та ҳамда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигидаги 31 та омбор мавсумга тайёр эмас! Бундан ташқари, жойига чиққан ҳолда ўтказилган ўрганишлар давомида «Ўзбеккўмир» АЖга қарашли 91 та ҳудудий омборнинг 55 таси қониқарсиз аҳволда эканлиги аниқланди.

Мазкур омборлардаги камчиликларнинг бартараф этилиши ҳудудий прокурорлар томонидан назоратга олинди.

5

Танлон-тарожликлар йўқми? Қаёқда! Бор-да, бор... Департамент органлари шу кунгача бу борада 5 та жиноятни фош этиб, 684 тонна кўмир маҳсулотлари талон-тарож қилинишининг олдини олди.

Мисол? Марҳамат: «Ўзбеккўмир» АЖнинг «Кармана кўмир омбори» ходимлари Ж.М ва А.Б. 58,5 тонна кўмир маҳсулотларини гўёки «Хатирчи кўмир омбори»га юборилгани ҳақида қалбаки ҳужжатлар расмийлаштириб, Самарқанд вилоятида яшовчи фуқаро Ғ.А.га ҳар бир тоннасини 510 минг сўмдан сотаётган вақтида ушланган.

Ёки, «Навоий кўмир етказувчи» филиали мансабдор шахслари жами 71,7 млн. сўмлик 174 тонна тайёр кўмир брикетини ўзлаштириш йўли билан «гумдон» қилганлари аниқланган. «Ўзбеккўмир» АЖнинг «Фарғона кўмир етказувчи» филиали Олтиариқ туман омбори ходими И.И. бюджет ташкилотларига тарқатиш учун ажратилган 345 тонна кўмирни 100 млн. сўмга ноқонуний равишда сотганлиги ҳам фош бўлди. Шунга ўхшаш мисоллар, афсуски, учраб турибди...

6

Фурсатдан фойдаланиб, аҳолига мурожаат қилсак.

Юқорида айтилганидек, куз-қиш мавсуми учун аҳолига етказиб берилиши лозим бўлган кўмир маҳсулотлари «Ўзбеккўмир» АЖ нинг 91 та ҳудудий омборларга етказиб берилган. Кўмирнинг 1 тоннаси 300.300 сўм, кўмир брикетиники эса 412.500 сўм! Агарда ушбу омборларда қайд этилган нархдан қимматига сотиш, тамагирлик ҳолатлари, шунингдек, суюлтирилган газ етказиб берилиши ва нархи билан боғлиқ муаммо юзага келса, жойлардаги идоралараро тезкор штабларнинг «Ишонч телефони»га мурожаат қилинг.

Бу сизга ҳам, бизга ҳам яхши. Сиз қонунсизлик ҳақида хабар бериб, ўз вақтида унинг олдини олиш ва айбдорларга тегишли чора кўрилишига сабабчи бўласиз.

«Ишонч телефонлари» рақамлари қуйида келтирилмоқда.

Идоралараро тезкор штаб «Ишонч телефон» рақамлари:

     

1

Марказий штаб

71-233-10-07

2

Қорақалпоғистон Рес.

61-223-10-07

3

Андижон вилояти

74-234-40-90

4

Бухоро вилояти

65-221-58-26

5

Жиззах вилояти

72-222-82-80

6

Қашқадарё вилояти

75-226-08-89

7

Навоий вилояти

79-225-27-29

8

Наманган вилояти

69-234-40-36

9

Самарқанд вилояти

66-237-80-00

10

Сурхондарё вилояти

76-224-06-82

11

Сирдарё вилояти

67-225-17-56

12

Тошкент вилояти

71-250-82-04

13

Фарғона вилояти

73-226-48-81

14

Хоразм вилояти

62-228-50-16, 62-228-50-20

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг