Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Пайариқда қўшмачилик билан шуғулланган йигитга суд ҳукми ўқилди

Пайариқда қўшмачилик билан шуғулланган йигитга суд ҳукми ўқилди

Судланувчи Алишер Нодиров (исм, фамилиялар ўзгартирилган) 1993 йил Пайариқ туманида туғилган. 26 ёшли буйдоқ бу йигит таассуфки, бирон фойдали юмуш билан шуғулланмаган. Табиийки, топиш-тутишининг ҳам аниқ манбаси бўлмаган.

Одатдаги кунларнинг бирида Алишерга нотаниш бўлган, тадбирга жалб қилинган Тўра Болиев Жасмина исмли таниши билан жинсий алоқа қилиши учун шароит яратиб беришни сўраб қолади. Албатта, бу хизмат текинга эмасди.

Ўзи шундоқ ҳам моддий аҳволи яхши бўлмаган Алишерга бу жуда айни муддао бўлди. Ўзаро келишув 50 минг сўмга баҳоланди. Яъни, шу пулга Алишер Тўра ва Жасминанинг «дам» олишлари учун ўз хонадонидан фойдаланишига рухсат берадиган бўлди. Аммо у пулларни санаб кўришгагина улгурди, холос. Негаки, Пайариқ тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан пуллар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Аниқланишича, Алишер Нодиров шу уйда 2000 йилдан буён истиқомат қилиб келган, ота-онаси вафот этишган. Албатта, суд мажлисида у қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, пул зарур бўлганлиги сабабли пулга муҳтож бўлиб, нотаниш қиз ва йигитга номақбул ишлари учун яшаш уйида шароит яратиб берганлиги, келгусида бу каби жиноятга асло қўл урмаслиги ҳақида кўрсатма берди.

Суд фуқаровий даъво мавжуд эмаслигини эътиборга олиб, унга 250 соат мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланди.

Тайинланган мажбурий жамоат ишлари жазоси Пайариқ туман ИИО Пробация гуруҳи томонидан белгилаб берадиган жойларда ўташ белгиланди.

Х.КЕЛДИЯРОВА,

жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани суди судьяси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг