Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Олий суднинг сайёр қабуллари. Рақамлар ортида нималар бор?

Олий суднинг сайёр қабуллари. Рақамлар ортида нималар бор?

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Ҳафта йўқки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларидан иборат гуруҳ Холмўмин Ёдгоров (раис ўринбосари) бошчилигида бирор вилоятга бормаса. Аввалги ҳафта олий маҳкама мутасаддилари Сурхондарёнинг икки туманида сайёр қабуллар уюштириб, юздан ортиқ фуқаронинг дардини тинглаган, бу жараёнда анча-мунча одамнинг мушкули осон бўлиб, бир қанча маҳкум озодликка чиқарилгани хабари берилганди. Бу аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, мавжуд муаммоларнии аниқлаш, уларни жойида бартараф этиш мақсадида ўтказилаётган шундай тадбирларнинг амалий натижаси, албатта.

Ўтган ҳафта шундай тадбир Қашқадарё вилоятининг Чироқчи ва Касби туманларида ўтказилди. Олий суд матбуот хизматининг хабар беришича, сайёр қабулларда жами 99 нафар фуқаронинг судга оид мурожаати тингланиб, 31 нафар мурожаатчининг аризалари вилоят ва Олий суд судлов ҳайъатларида кўриб чиқиш учун қабул қилинди, 38 нафар мурожаатчига ҳуқуқлари тушунтирилди, 11 та мурожаат жойида ҳал этилиб, 9 та мурожаат ўрганишда эканлиги айтилди.

Рақамларни гапиртиришда давом этсак, сайёр қабулда ташкил этилган суд мажлисларида 11 нафар фуқаро Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан ахлоқ тузатиш жазосини ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинди, 10 нафар фуқарога ЖК 74-моддасига асосан тайинган жазо енгилроғи билан алмаштирилди, 12 нафар фуқаро жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилиб, оиласи бағрига қайтарилди.

Қандай хайрли ишлар, хўб савобли амаллар, тўғрими? Бироқ буларнинг ҳаммаси рақамлар қабатида қолиб кетаётгандек. Олий суд ўтказаётган сайёр қабуллар хусусида жонли-жонли материаллар йўқ даражада. Мана, «...11 нафар фуқаро Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан ахлоқ тузатиш жазосини ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинибди», хўп, улар кимлар, қандай жиноят содир этган эди, уларга озодлик раво кўрилишига қандай омиллар асос бўлди? Ёки 12 нафар фуқаро жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилиб, оиласи бағрига қайтарилган бахтиёрнинг қувонч-севинчларига ўқувчилар ҳам шерик қилинса-чи?

Бунинг учун нима қилмоқ керак?

Сайёр қабулларни кенгроқ ёритиш, рақамлар остида инсонлар тақдирига ёвуқроқ боқиш имкониятини берувчи омиллардан янада кўпроқ фойдаланиш лозим, холос. Сайёр қабулларга оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштирокини таъминлаш бунинг энг мақбул ечими эканини таъкидлашга ҳожат йўқ. Бундай таклиф Олий суд раҳбариятининг ўзидан чиқади ҳам. Таклифнинг тезроқ амалга ошиши икки томон учун ҳам маъқул ва мақбул экани аниқ: суд ҳокимияти ва ОАВ ўртасидаги ҳамкорлик шундай тадбирларда яққолроқ намоён бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг